Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон байроғи — миллатнинг ифтихори ва бирлиги рамзи
16:25 / 2025-11-18

Ҳар бир ота-онанинг фарзанд тарбиясига доир ўз қараши ва услуби бор. Кимдир боласини келажакда молия соҳасида, кимдир ҳуқуқни муҳофаза қилиш йўналишида, яна кимдир муайян касб эгаси сифатида кўришни истайди ва шу мақсадда унга йўл-йўриқ беради.

Бироқ онамнинг бизга айтган сўзлари ҳаётимизнинг йўлчироғига айланган эди. Онам шундай дердилар:

«Болаларим, ҳеч осмонда бирга учиб кетаётган икки қушни кузатганмисиз? Улар маскани, жойи ва бирлиги учун бирга парвоз қилади. Бизнинг масканимиз ҳам шу азиз юрт, унинг қудрати эса – байроқ. Байроқни ҳимоя қилиш учун қаҳрамон бўлиш шарт эмас. Илмли бўлинглар, ҳалол юринглар, инсонларга яхшилик қилинглар — шунинг ўзи байроқни тик ушлаш демакдир».

Дарҳақиқат, ҳар бир миллатнинг ўзига хос рамзлари, юксалиш йўлини белгилайдиган тимсоллари бўлади. Биз учун ана шундай муқаддас, юксак маънавий ва тарихий белгилардан бири — Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи. Унинг ҳар бир ранги, ҳар бир чизиғи ортида халқимизнинг ўтмиши, бугунги тараққиёти, эртанги улкан орзулари мужассам.

18 ноябрь — тақвимдаги оддий сана эмас. Бу кун Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун. Ватан мустақиллиги тимсолларидан бири расман қабул қилинган, миллий ғуруримиз янада юксалган тарихий ондир.  

Мазкур сана муносабати билан мамлакатимиздаги барча таълим муассасаларида байрам тадбирлари ўтказилмоқда. Пойтахтимизнинг Бектемир туманидаги 358-умумтаълим мактабида ташкил этилган тантаналар ҳам болажонлар онгида Ватанга меҳр, миллий рамзларга ҳурмат туйғусини янада мустаҳкамлади. Чунки бу каби тадбирлар болаларнинг қалбида нафақат ҳис, балки маънавий масъулиятни уйғотади.

Бугун байроғимиз нафақат мамлакат ичида, балки халқаро ареналарда — спорт майдонларида, нуфузли конференциялар ва илмий йиғинларда ҳам шараф билан ҳилпирамоқда. Уни кўрган ҳар бир юртдошнинг юрагида фахрланиш, илҳом ва меҳр уйғониши — унинг чексиз қудратидан далолат.

Нигора Раҳмонова, ЎзА