Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон барқарор иқтисодий ўсиш, ижтимоий ишонч ва глобал рақобатбардошликка эришади
14:26 / 2026-01-21

Жорий йилнинг 29-30 январь кунлари Тошкентда “30 ёшлилар даври” мавзусидаги 5-халқаро бошқарув форуми бўлиб ўтади.

Шу муносабат билан пойтахтимиздаги “IT Park Uzbekistan” конгресс-марказида мазкур форумнинг мақсад ва вазифалари ҳамда ундан кутилаётган натижаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбир аввалида “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ бошқаруви раиси ўринбосари Ойбек Воҳидов, Халқаро бошқарув форуми ташкилий қўмитаси раиси Тимур Ядгаров, Москва давлат университети профессори Тоҳир Бозоров ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимиз равнақида ёшлар салоҳиятини ошириш, шунингдек, таълим, рақамли кўникмалар ҳамда сунъий интеллектдан инсонлар ва иқтисодиёт манфаатлари йўлида фойдаланиш бугунги кун талабларидан бири эканини қайд этди.

Мутахассислар таъкидлаганидек, 2026 йил Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилинди. Бу шунчаки рамзий ном эмас, балки мамлакатимиз ривожи учун муҳим стратегик йўналишдир. Шу сабабли, форум ёшларнинг роли, рақамли иқтисодиёт, тадбиркорлик ва масъулиятли бизнес масалаларини муҳокама қилиш учун муҳим майдон вазифасини ўтайди.

Шундан келиб чиқиб, форумдан кўзланган мақсад Янги Ўзбекистон равнақи йўлида барча иштирокчиларни бир мақсадга йўналтириш, ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва улар билан доимий мулоқотни ташкил этиш асосий вазифалардан бири ҳисобланади.

Ёшларнинг рақобатбардошлигини оширувчи асосий омиллардан бири - таълим ва замонавий кўникмаларни эгаллашдир. Бу эса рақамли технологиялар ва сунъий интеллект билан яқиндан боғлиқ. Шунга асосан тадбирда рақамли кўникмалар, сунъий интеллект ва IT-хизматлар экспорти иқтисодиётнинг рақобатбардошлиги ва тузилишини ўзгартиришнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи сифатида таъкидланди.  

Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш доирасида Ўзбекистон IT-парки йилига 1 миллиард АҚШ долларидан ортиқ хизматлар экспорти учун шароит яратмоқда. Бу илгари асосан қишлоқ хўжалигига таянган мамлакатимиз экспорт тузилмаси учун муҳим ўзгариш саналади. Бугун эса экспортда хизматлар, жумладан, IT-хизматлар улуши тобора ошиб бормоқда.

– Шу билан бирга, кичик бизнес маҳалла фаровонлигини ошириш ва камбағалликка қарши курашишнинг энг самарали йўлидир. Бизнесни ривожлантириш банки мамлакат бўйлаб минглаб корхоналарни қўллаб-қувватлаб, тадбиркорлик саводхонлигини оширмоқда. Бизнинг мақсадимиз эса жаҳон даражасидаги олимлар ва экспертларнинг билимлари мамлакатимиз ҳудудларидаги тадбиркорларга етиб боришидир, – деди Ойбек Воҳидов.

Тадбирда Халқаро бошқарув форуми ташкилий қўмитаси раиси Тимур Ядгаров айтиб ўтганидек, форум ёш авлоднинг мустақиллиги, масъулияти ва онгли қарор қабул қилиш қобилиятини ривожлантиришга қаратилган изчил қадамдир.

– Айнан оила, маҳалла ва иш жойида инсоннинг фуқаролик позицияси, меҳнатга, жамиятга ва келажакка бўлган муносабати шаклланади. Шу билан бирга, янги авлод мутахассислари иш берувчиларни мутлақо янги мезонлар асосида баҳоламоқда. Форум нафақат мулоқот майдони, балки илғор тажрибаларни эътироф этиш платформаси ҳам бўлади. Тадбир доирасида учта халқаро танлов, яъни “Ишдаги бахт”, “Энг яхши HR-директор” ва “Ёш мутахассислар учун энг яхши иш берувчи” танловлари якунлари эълон қилинади. Ушбу танловларда 5 та давлатдан 100 дан ортиқ компания вакиллари иштирок этди. Биз ишонамизки, корпоратив маданиятни ривожлантириш, ёшларни, тадбиркорликни ва масъулиятли бизнесни қўллаб-қувватлаш туфайли Ўзбекистон барқарор иқтисодий ўсиш, ижтимоий ишонч ва глобал рақобатбардошликка эришади, – деди Тимур Ядгаров.

Матбуот анжумани якунида ташкилотчилар журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.

Насиба Зиёдуллаева,  

ЎзА