Глобал сиёсий жараён шиддат билан кечаётган, геосиёсий қарама-қаршиликлар чуқурлашаётган ҳозирги шароитда ҳар бир давлат учун аниқ стратегик йўналиш, мувозанатли ташқи сиёсат ва узоқни кўзлаган ёндашув ҳаётий аҳамият касб этмоқда. Ана шундай мураккаб ва зиддиятли даврда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Олий Мажлис ва халқимизга йўлланган навбатдаги Мурожаатнома мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатидаги устувор мақсадлар, эришилган натижалар ҳамда келгусидаги вазифаларни қамраб олган муҳим сиёсий ҳужжат сифатида намоён бўлди.
Айтиш жоиз, мазкур мурожаатнома нафақат йил якуни бўйича ҳисобот, балки юртимизнинг сифат жиҳатидан янги тараққиёт босқичига ўтишини ифодаловчи стратегик дастур вазифасини ўтайди.
ЎзА мухбири Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси доценти Шоислом Акмаловнинг Президент Мурожаатномаси мазмун-моҳияти, нутқда илгари сурилган муҳим ташқи сиёсий ташаббусларнинг минтақавий ва глобал аҳамияти хусусидаги фикрлари билан қизиқди.
– Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси муайян маънода ўтган даврда собит қадамлик билан ташқи сиёсат соҳасида амалга оширилган кенг қамровли, сермазмун ва самарали, мамлакат фаровонлиги, жамият рўшнолигини таъминлаш ғояси билан йўғрилган фаолиятнинг ҳақиқий инъикоси бўлди. Давлатимиз раҳбарининг бу галги чиқиши ҳар йилги сиёсий мурожаатлардан кўра кенгроқ маъно англатади.
Айтиш мумкинки, ушбу мурожаатнома тараққиётнинг сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилиши, ислоҳотлар институтционализациялашиши, барқарор, узоқ муддатли ўсиш модели шаклланишини белгиловчи стратегик ҳужжатдир.
Мурожаатнома кўп йил мобайнида ечимини топмаган кескин сиёсий-иқтисодий зиддиятлар, пайсалга солинган эҳтимолий муросалар макони сифатида баҳоланган минтақа расмий Тошкентнинг азми қарори ила барқарор, прагматик, яқин ва узоқ муддатга йўналтирилган ўзаро бирикувини англатувчи архитектураси шакллана бошланганидан ҳам дарак беради.
Хусусан, ўтган йил 31 март куни имзоланган Давлат чегаралари туташган нуқта тўғрисидаги шартнома, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ўртасида Абадий дўстлик тўғрисидаги Хўжанд декларацияси жаҳон ҳамжамияти томонидан хайрли йўлда қўйилган дадил қадам сифатида эътироф этилмоқда.
Қозоғистонлик эксперт Бешимбек Тўқтақулов шундай дейди:
– Шавкат Мирзиёев 2016 йил декабрь ойида ҳокимият тепасига келгандан сўнг Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари, минтақавий ва ташқи кучлар ҳамда халқаро институтлар билан муносабатида сезиларли ижобий ўзгариш яққол кўзга ташланди. Бу ҳолат кўпчиликни мамлакат ташқи сиёсатида сезиларли ва муҳим жараён кечаётгани ҳақида фикр билдиришга ундамоқда.
Марказий Осиёда чинакам хавфсиз, фаровон ҳаёт барпо этиш, мамлакатларимиз ўртасида тенг ҳуқуқли, одилона муносабатга эришиш йўлидаги яна бир фундаментал воқеа Ўзбекистоннинг минтақа давлат раҳбарлари Маслаҳат учрашувларига раислигидир. Ўтган даврда 20 номдан иборат тадбирлар мажмуаси деярли барча стратегик соҳаларни қамраб олиб, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, жамиятлар олдидаги масъулиятни таъкидлаш, минтақада амалий барқарорликка эришиш каби ўта муҳим вазифаларни амалга оширишга хизмат қилди.
Айниқса, Янги Ўзбекистоннинг минтақа мамлакатлари билан муносабатлари гултожи сифатида 2025 йил 16 ноябрь куни Тошкентда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Озарбайжон етакчилари иштирокида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлат раҳбарлари VII маслаҳат учрашувидан сўнг қатор муҳим ҳужжатлар имзолангани эътиборга молик. Мазкур мулоқот якуни бўйича томонлар Қўшма баёнот, шунингдек Қирғизистоннинг 2027-2028 йилларда Хавфсизлик Кенгаши доимий бўлмаган аъзолигига номзодини қўллаб-қувватлаш учун БМТ аъзо-давлатларига мурожаат имзоладилар. Бундан ташқари Озарбайжоннинг Марказий Осиё давлат раҳбарлари Маслаҳат учрашувларига тўлақонли иштирокчи сифатида қўшилиши ҳам тарихий воқеликдир.
Қўшма баёнот доирасида етакчилар икки стратегик ҳужжат – “Марказий Осиёда минтақавий хавфсизлик, барқарорлик ва барқарор ривожланиш концепцияси”, шунингдек, “2026-2028 йилларда минтақавий хавфсизлик, барқарорлик ва хавфларнинг олдини олиш чоралари каталоги”ни қабул қилдилар. Таъкидланишича, тасдиқланган ҳужжатлар минтақада сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, трансчегаравий таҳдидларга жамоавий жавоб бериш механизмини такомиллаштириш ва мамлакатларимиз барқарор ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилган.
Бундай оқилона сиёсатнинг яқин ва ўрта муддатдаги мантиқий давоми Президентимизнинг “Яқин қўшниларимиз билан кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва ўзаро ишонч руҳидаги алоқаларимизни янада ривожлантиришга устувор аҳамият қаратамиз” деган гапида аксини топган.
АҚШ Ташқи сиёсат кенгаши қошидаги Марказий Осиё-Кавказ институти директори Сванте Корнелл эътироф этганидек, “Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташқи сиёсати қайта тикланаётган минтақавийлик (регионализм) омили сифатида Марказий Осиё салоҳиятини янада кенг намоён этади.
Маълумки, Афғонистон масаласи доимо Ўзбекистон ташқи сиёсати диққат марказида. Ўтган тарихий даврда расмий Тошкент афғон диёрида ҳукмронлик қилган турли сиёсий кучлар билан ўзаро манфаатли, минтақада тинчлик ва осойишталик ўрнатишга йўналтирилган ўта нозик сиёсатни амалга ошириб келди. Бундай йўл тутилишининг асосий сабаби афғон замини ва Покистон ҳудудидан очиқ сув ҳудудига чиқиш, шу тариқа мамлакатимиз иқтисодиёти, савдо алоқаларини кенг кўламда ривожлантириш муҳим стратегик вазифа сифатида қаралиши билан боғлиқ.
Республикамиз Афғонистон Марказий Осиёнинг бир қисми, дея таърифланиб, афғон халқи билан ўзаро муштарак тарих, маданият, дин омилларидан фойдаланиб, яқин алоқалар ўрнатишга интилмоқда. Бундай адолатли ёндашув натижаси ўлароқ, ўзаро ишонч ва манфаатли шароит учун пухта замин яратиш имкони пайдо бўлди. Эндиликда Ўзбекистон Афғонистон билан одилона муносабат ривожланиши учун инсонпарварлик ғояси ва яхши қўшничиликка асосланган амалий сиёсат олиб бормоқда. Хусусан, Толибон ҳукумати билан ўрнатилган муносабат икки мамлакат ўртасида шаклланган анъанадан четга чиқиш эмас, балки Тошкентнинг кейинги йилларда моҳирона амалга ошираётган аниқ принцип ва прагматизмга асосланган, мувозанатлаштирувчи стратегик доктринаси давомидир.
Сўнгги пайт Осиё-Тинч океани минтақасидаги воқеалар ҳам кўпчиликнинг эътиборини жалб қилмоқда. Геосиёсат, мудофаа, иқтисодиёт, ижтимоий ва экологик масалаларни тадқиқ қилувчи “The Diplomat” журнали Халқаро илғор тадқиқотлар институти – “Institute for Advanced International studies” етакчи экспертларига таяниб, жумладан шундай ёзган:
– Халқаро ҳамжамият фаол бўлмаса-да, Ўзбекистоннинг ҳаракатлари (Афғонистон масаласида – таҳририят) охир-оқибат кенг кўламли минтақавий қайта қуришни жадаллаштириши, бошқа давлатларни ҳам айни жараёнга дахлдор қилишга йўналтирилган ҳамкорлик сиёсатини юритишга ундаши мумкин.
Мамлакатимиз ташқи сиёсатида ушбу қардош қўшни давлат мавзуси бундан кейин ҳам устувор мақом касб этиши Президентимиз Мурожаатномасида қуйидагича ўз инъикосини топди:
– Афғонистон билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, ушбу мамлакатни минтақадаги иқтисодий жараёнларга кенг жалб қилиш асосий мақсадларимиздан бири бўлиб қолади.
Сўнгги йилларда диёримиз кўп қиррали ташқи сиёсатда анча илгарилагани халқаро миқёсда ҳақли равишда эътироф этиляпти. Бундай серқирра ва холис фаолият ҳосиласи сифатида юртимиз нафақат Марказий ва Жанубий Осиёда, балки глобал даражада ҳам ўзига хос сиёсий обрў қозониб, аниқ белгиланган манфаатни ҳимоя қила оладиган, устувор вазифаларни бажаришни уддасидан чиқадиган фаол дипломатияга эга давлат сифатида гавдаланмоқда.
Шу нуқтаи назардан йиллар давомида давлат имижини юксалтириш учун қилинган узлуксиз меҳнат эвазига орттирилган тажриба ва юртимизнинг халқаро майдондаги мавқеини инобатга олган ҳолда, Президент Шавкат Мирзиёев Мурожаатномада “Россия, Хитой, Америка Қўшма Штатлари, Туркия, Германия, Франция, Италия, Буюк Британия, Жанубий Корея, Япония, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Иордания, Кувайт, Ўмон, Ҳиндистон, Покистон ва бошқа давлатлар билан кўп қиррали, ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтириш бундан буён ҳам эътибор марказида бўлишини таъкидлагани бежиз эмас.
Бинобарин, “Янги Ўзбекистон стратегияси-2030” доирасида ўрта ва узоқ муддатга белгиланган вазифалар қатори МДҲ, Европа Иттифоқи, Осиё-Тинч океани, Жанубий Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ, Африка минтақасида ҳамда Америка мамлакатлари, хусусан АҚШ билан янги даврда стратегик шериклик ва ҳар томонлама ҳамкорлик кўламини тобора кенгайтириш белгиланган. Зеро, Халқаро муносабатларнинг фаол субъектлари бўлган бу мамлакат ва минтақалар билан яқин алоқалар Ўзбекистонимизнинг жаҳон миқёсидаги обрў-эътибори янада ошишига олиб келади. Республикамиз сиёсий, ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини кўтаришга муайян шарт-шароит яратади.
Ўткир Алимов ёзиб олди. ЎзА