Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Бангладеш: ахборот ҳамкорлигида янги саҳифа (+видео)
18:46 / 2023-12-27

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Бангладеш ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилиб бормоқда. Иқтисодий самарадорлик билан бир қаторда, маданий-гуманитар алоқалар ва зиёрат туризми соҳасида ҳам замонавий тизим йўлга қўйилган. Ҳамкорликнинг бошқа йўналишларида ҳам имкониятлар мавжуд.

Бугун Бангладешнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Муҳаммад Монирул Ислом Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига ташриф буюрди.

Бангладеш дипломатиясининг вакили Муҳаммад Монирул Ислом ва ЎзА раҳбари Абдусаид Кўчимов ўртасида кечган мулоқот аввалида Ўзбекистон ва Бангладеш ўзаро стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар давом этаётгани таъкидланиб, меҳмонга юртимизда турли соҳалар қатори медиа маконда юз бераётган ижобий ўзгаришлар хусусида маълумот берилди.

Шунингдек, ўзбек ва бангладеш халқлари ўртасидаги муштарак муносабатлар, айниқса, маданият, санъат, ахборот алмашинуви каби соҳаларда жадал ривожланаётгани, айни жараёнда ҳар икки мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида мунтазам ахборот алмашиш муҳимлиги қайд этилди.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/LJ4rTAVx0ms" title="Oʻzbekiston – Bangladesh: axborot hamkorligida yangi sahifa" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Элчи Муҳаммад Монирул Ислом Бангладеш Миллий ахборот агентлиги (Bangladesh Sangbad Sangstha-BSS) ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА ўртасидаги алоқаларни замон талаби даражасида такомиллаштиришни назарда тутувчи меморандум лойиҳасини тез фурсатда имзолаш, келишув доирасида ахборот алмашиш кўламини кенгайтириш ва ходимлар тажриба-малакасини тизимли ошириб бориш масаласида ҳамкорликка тайёрлигини алоҳида таъкидлади.

Дипломат мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг бундан кейин ҳам янада ривожланиши учун бор имконият ва салоҳиятини ишга солишини билдирди. 

– Ҳар икки давлат ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланмоқда, – деди Муҳаммад Монирул Ислом. – Бизни умумий маданият, дин, тарих ва адабиёт боғлаб туради. Юртингизнинг буюк сиймолари бўлмиш Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Ал Фарғоний каби алломалар бангладешликларга ҳам маълум. Мамлакатларимиздаги муҳим воқеалар ҳақида ахборот беришда манбанинг холис, ишончли бўлиши жуда муҳим. Шу маънода Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан алборот алмашишда янги саҳифа очилаётгани айни муддао. Фурсатдан фойдаланиб, ўзбек халқига тинчлик, фаровонлик, юртингизга янада ободлик тилайман.

1972 йилда ташкил этилган, қароргоҳи Дакка шаҳрида жойлашган Бангладеш Миллий ахборот агентлиги (Bangladesh Sangbad Sangstha-BSS) давлатнинг расмий манбаси ҳисобланиб, асосан бенгал ва инглиз тилларида мамлакат ҳаётига оид ва хорижий янгиликларни ҳавола этиб боради. Агентлик мамлакатнинг 64 та маъмурий округларининг барчасида ўз мухбирларига эга.

Ўткир Алимов, Носиржон Ҳайдаров (сурат), Ёқубжон Мелибоев (видео), ЎзА