Навоий вилоятида ҳам “Бағрикенглик ҳафталиги” юқори савияда ташкил этилмоқда. Ҳафталик доирасида вилоятдаги миллий маданий марказлар ва ёшлар вакиллари, давлат ҳамда жамоат ташкилотлари ходимлари иштирокида “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” мавзусида тадбирлар ўтказилмоқда.
Вилоят Маънавият ва маърифат марказида ташкил этилган маънавий-маърифий тадбирда ҳам миллатлараро дўстлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, жамиятимизда турли миллат ва элат вакиллари ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатлик, миллий маданиятлар, урф-одат ва анъаналарнинг ўзига хослиги хусусида сўз юритилди.
Бугунги кунда Навоий вилоятида қарийиб 40 минг нафар қозоқ, 23 минг 941 нафар қорақалпоқ, 14 минг 536 нафар тожик ва бошқа миллат вакиллари тинч-тотувликда истиқомат қилишмоқда.
[gallery-14615]
Шунингдек, умумтаълим мактабларининг 66 тасида қозоқ, 5 тасида тожик, 3 тасида қорақалпоқ ва 21 тасида рус тилида таълим берилади. Президент қарорига асосан олис чўл ҳудудлари саналмиш Учқудуқ, Томди ва Конимех туманларида истиқомат қилаётган аҳоли фарзандлари учун олий таълим муссасаларига ўқишга кириш борасида имтиёзлар берилган.
Ҳозир вилоятда 9 та конфессия, 13 та черков ва 81 та масжид фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, 10 та миллий маданий марказда турли миллат вакиллари ўз анъана ва қадриятларини улуғлаб келишмоқда.
– Юртимизда бошқа миллат вакиллари ўзбеклар билан тенг шароитда, яратилаётган имконият ва имтиёзлардан фойдаланган ҳолда меҳнат қилишмоқда, – дейди Навоий шаҳридаги Қозоқ миллий маданий маркази раҳбари Ажаргул Усмонова. – Гарчи ўзим қозоқ миллатига мансуб бўлсамда, Ўзбекистон фуқароси эканлигимдан, шу жаннатмонанд диёрда туғилиб вояга етганлигимдан фахрланаман. Ўзим педагогман. 36 йилдан буён Навоий шаҳрида истиқомат қиламан. Шу ерда олий маълумотга эга бўлдим. Фаолиятимни шу ерда бошладим. Ҳозир шаҳардаги 13-умумтаълим мактаби директориман. Мактабимизда етти миллат вакиллари ишлаб, ёшларга таълим-тарбия беришади. Уларнинг фаолият олиб бориши учун барча шароит яратиб берилган. Ҳамма тенг ҳуқуққа эга. Улар юртимиздаги имконият ва имтиёзлардан бирдек фойдаланади. Энг муҳими, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Шу юрт ривожи ва халқ фаровонлигига ўз ҳиссамни қўшаётганлигимдан фахрланаман.
Тадбирда фаол миллий маданий марказлар раҳбарлари вилоят ҳокимининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ҳафталик доирасида “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” мавзусидаги тадбирлар барча маҳаллалар, таълим муассасалари, ташкилот ва корхоналарда давом этмоқда.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат),
ЎзА мухбирлари