Хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ҳудуднинг экотуризм салоҳиятини кенг жамоатчиликка танитиш ва барқарор туризмни ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида Нурота туманидаги “Сентоб” туризм қишлоғига пресс-тур ташкил этилди.
Пресс-турда Италиянинг миллий “Раи-3” телеканали, шунингдек, республика ва маҳаллий ОАВ вакиллари ҳамда блогерлар иштирок этди. Улар “Сентоб” қишлоғининг экологик туристик масканларида бўлиб, экотуризм имкониятлари ҳамда барқарор ривожланиш бўйича амалга оширилаётган ташаббуслар, қишлоқнинг табиий гўзалликлари, тарихий обидалари, маҳаллий аҳолисининг урф-одатлари ва миллий ҳунармандчилик анъаналари билан яқиндан танишди.
Навоий вилояти мамлакатимиздаги энг ёш вилоят бўлса-да, ҳудуди жиҳатидан энг катта майдонга эгалиги билан ажралиб туради. Ўзининг бой тарихи ва ўлмас анъаналари, тарихий обидалари, улуғ қадамжолари, сўлим табиати, пурвиқор тоғлари, бепоён чўллари ҳамда марварид кўллари билан машҳур бўлган Навоий замини ҳамиша сайёҳлар эътиборини ўзига тортиб келган.
[gallery-25944]
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Навоий вилоятида ҳам туризм соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, бу замин сайёҳлик учун ажойиб локациялардан биридир. Буни кейинги йилларда ҳудудга ташриф буюрувчи хорижий сайёҳлар сонининг ошиб бораётганида ҳам кўриш мумкин.
2023 йилда Нурота туманидаги Сентоб қишлоғи “Туризм қишлоғи” мақомига эга бўлган бўлса, шу йилнинг ўзида БМТ бош Ассамблеясининг Самарқанд шаҳрида ўтказилган сессиясида Бутунжаҳон туризм қишлоқлари рўйхатига киритилди. 2024 йилда эса Хатирчи туманидаги Лангар маҳалласи “Туризм маҳалласи” мақомига эга бўлди. Бундан ташқари, айни пайтда Нурота туманидаги Чуя ва Хатирчи туманидаги Ангидон маҳаллаларида “Туризм маҳалласи” мақомини олиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Қувонарлиси, вилоятдаги бу каби имкониятлар ва сайёҳлик учун яратилаётган қулайликлар, инфратузилма ҳамда туризм муҳити хорижий журналистлар назаридан ҳам четда қолаётгани йўқ. Кейинги йилларда кўплаб халқаро даражадаги хорижий ОАВ вакиллари вилоятда бўлиб, бетакрор заминнинг бой имкониятлари, флора ва фауна дунёси, табиатнинг гўзал мўъжизалари ҳақида туркум материаллар тайёрламоқда.
Нурота туманидаги “Чашма” зиёратгоҳи ва унинг атрофидаги муқаддас масканлар италиялик журналистларда катта қизиқиш уйғотди. Қолаверса, Сентоб қишлоғидаги ўзига хос табиат манзаралари ва бетакрор гўзаллик, меҳмондўстлик ва маънавий қадриятлар эндиликда Италия телеканаллари орқали намойиш этилиб, европалик сайёҳларни ҳам ўзига мафтун этади.
Италиядан ташриф буюрган журналистлар ҳудуднинг осойишталиги, инсонларнинг меҳмондўстлиги-ю, бағрикенглиги ва табиат гўзалликларидан ҳайратланиб, Нурота туманини “Ўзбекистон бағридаги мўъжиза”га қиёслашди.
Қувонарлиси, бугун хорижий ОАВ вакиллари Ўзбекистонни, хусусан, Навоий вилоятини дунёга танитишга ҳисса қўшмоқда. Зеро, вилоятда эътиборни тортадиган, ҳавасни уйғотадиган, ўзига маҳлиё ва мафтун этадиган манзиллар, қадриятлар ва анъаналар, сайёҳлик имкониятлари беқиёс.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари