English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон Бадиий академияси фаолияти: 2020 йил якунлари ва истиқболдаги режалар
16:31 / 2020-12-31

Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан “Бадиий академия фаолиятининг 2020 йил якунлари ва истиқболдаги режалар” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.

Қайд этилганидек, 2020 йилда Ўзбекистон тасвирий ва амалий санъатини янада ривожлантириш, шахсий ва ижодий кўргазмаларни ўтказиш, халқаро ижодий алоқаларни кучайтириш, Бадиий академия ва унинг тизимидаги ташкилотларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 21 апрелдаги “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, шу йилнинг 14-16 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида буюк мусаввир Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллиги муносабати билан Халқаро симпозиум ташкил қилинди.

Симпозиум доирасида Камолиддин Беҳзод ва унинг издошлари асарлари, хаттотлик санъати намуналари, замонавий миниатюра асарлари кўргазмаси ҳамда “Камолиддин Беҳзод издошлари” Республика танлови ўтказилди. Шунингдек, “Камолиддин Беҳзод ижоди Шарқ ва Ғарб бадиий маданияти кесимида” мавзуида онлайн илмий-амалий конференция ташкил қилинди.

Конференцияда буюк мусаввир қолдирган бой мероснинг замонавий тасвирий санъатдаги ўрни ва аҳамияти ҳақида 10 дан ортиқ хорижий давлатлар (Россия Федерацияси, Буюк Британия, Озарбайжон, Франция, АҚШ, Канада, Эрон, Афғонистон, Испания, Малайзия, Таиланд, Хитой Халқ Республикаси, Япония, Туркия, Туркманистон, Қозоғистон, Тожикистон) дан 20 нафарга яқин олимлар илмий маърузалари билан онлайн иштирок этди.

Шунингдек, хорижда сақланаётган Камолиддин Беҳзод ва унинг издошлари ижодига мансуб асарларнинг асл ёки кўчирма нусхаларини юртимизга қайтариш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Хорижда сақланаётган Камолиддин Беҳзод ва унинг издошлари ижодига мансуб асарларнинг асл ёки кўчирма нусхаларини юртимизга қайтариш бўйича 2020-2022 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” тасдиқланди.

2020 йилнинг 15-20 декабрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Маданият вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда болалар санъатини ривожлантириш мақсадида “Тошкент қувончлари” VIII Халқаро болалар расмлари биенналеси ўтказилди. Унда 5 ёшдан 15 ёшгача бўлган 3 мингга яқин болалар ўз ижодий ишлари билан қатнашди. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда 15 та давлатдан 700 дан зиёд хорижий иштирокчиларнинг ижодий ишлари Ўзбекистонга олиб келиниб, намойиш этилди.

Юртимизда пандемия сабабли карантин эълон қилинган бўлишига қарамасдан, “Ғалаба” боғида рассом ва ҳайкалтарошлар салмоқли меҳнат қилди. Ёдгорлик мажмуасини яратиш бўйича 16 та ҳайкалтарошлик композицияси яратилди ва музей ижодкорларнинг маҳобатли ранг тасвир асарлари билан бойитилди. Шу билан бирга, пойтахтимиздаги “Адиблар хиёбони”да жой олган 24 та ҳайкални бронза ва мисга ўтказиш ишлари якунланмоқда.

Яқинда Испаниянинг Копмлутенсе университетида Муҳаммад Ал-Хоразмий бюсти қўйилди.

Ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, ижодий соҳада олий ўқув юртидан кейинги таълимни тизимли ташкил этиш мақсадида “Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузурида Рассомлик маҳорат устахонаси (олий рассомлик курси) фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари амалга оширилди.

Олий таълим тизимида соҳа бўйича самарали фаолият юритаётган истеъдодли ижодкорларни қўллаб-қуватлаш ва муносиб рағбатлантириш мақсадида “Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендиясини таъсис этиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 6-декабрдаги 691-сонли қарори қабул қилинди.

Илмий салоҳиятни ошириш мақсадида тасарруфдаги Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳузурида санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини берувчи илмий Кенгаш ташкил қилинди. Яқинда биринчи ҳимоя бўлиб ўтди.

2021 йилда Бадиий академия Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарори, Ўзбекистон Республикаси парламентига қилган Мурожаатномасидан келиб чиқадиган вазифалар ижросини таъминлайди.

Шу муносабат билан тегишли муассаса ва ташкилотлар билан ҳамкорликда маънавий-маърифий тадбирлар, фестиваль ва анъанавий кўргазмалар, ижодий лойиҳалар режалаштирилмоқда.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА