Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – БАА: “яшил” энергия ва энергия сақлаш тизимлари бўйича шартномалар имзоланди
10:33 / 2025-11-06

Жорий йилнинг 2-6 ноябрь кунлари Бирлашган Араб Амирликларининг Абу Даби шаҳрида “ENACT Majlis” ва “ADIPEC-2025” сунъий интеллект ва энергетика соҳасида халқаро форумлар бўлиб ўтди.

Унда жаҳоннинг ёқилғи-энергетика, сунъий интеллект ва рақамлаштириш соҳасидаги кўплаб вазирлар ҳамда етакчи компаниялар раҳбарлари иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бошчилигидаги делегация ҳам мазкур тадбирда қатнашди.

Ушбу нуфузли тадбирларда энергетика соҳасига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ва соҳанинг ривожланиш масалалари таҳлил қилинди. Шунингдек, барқарор энергетика, тармоқларни модернизация қилиш, тизимнинг мослашувчанлигини ошириш ва давлат-хусусий шерикчиликнинг инновацион моделлари бўйича самарали тажриба алмашилди.

Мутасаддилар таъкидлаганидек, электр энергиясини ишлаб чиқариш ва узатиш жараёнлари, маълумотлар марказлари (Data Center) ҳамда рақамли уланиш тизимлари муҳим ўрин тутади.  

“Энергия хавфсизлиги ва барқарорлигини диверсификация қилиш орқали мустаҳкамлаш” мавзусида вазирларнинг давра суҳбатида энергия хавфсизлиги, барқарорлик ва диверсификациянинг янги босқичи ҳамда  энергияга бўлган талабни қондириш учун амалий ва прагматик ёндашувлар  муҳокамасига урғу берилди.

Ўзбекистон ва БAA ҳамкорлиги доирасида “яшил” энергетика ва нефть-газ соҳаларини ривожлантириш, амалга оширилаётган ишлар, эришилган натижалар ҳамда истиқболдаги режаларга эътибор қаратилди. Унда қайд этилганидек,  ҳозирда “Masdar” компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда умумий қуввати 1 247 МВт бўлган 5 та қуёш ва 500 МВт қувватли 1 та шамол электр станцияси ҳамда 63 МВт қувватли 1 та энергия сақлаш тизими фаолият кўрсатмоқда. Қашқадарё вилоятида қуввати 300 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси барпо этилмоқда.

Вазирлик ахборот хизматига кўра, форум доирасида БAAнинг “Masdar” компанияси билан Навоий вилоятида 300 МВт/600 МВт·соат ва “AMEA Power” компанияси билан 200 МВт/800 МВт·соат қувватли 2 та энергия сақлаш тизимини қуриш бўйича шартномалар имзоланган.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА