Энергетика соҳасидаги ривожланиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини самарали жорий этиш ҳар бир мамлакатнинг барқарор тараққиёти ва иқтисодий ривожланиши учун муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, инновацион технологиялар ва замонавий таълим стандартлари ёрдамида янги кадрлар тайёрлаш, илмий ва амалий лойиҳаларни ривожлантириш соҳадаги асосий йўналишлардан бири ҳисобланади.
Шу нуқтаи назардан, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва илмий салоҳиятни мустаҳкамлаш ҳамда талабалар ва мутахассислар учун замонавий имкониятларни яратиш ҳар жиҳатдан фойдали.
Тошкент давлат техника университетида Энергетика вазирлиги, БААнинг “Global South Utilities” (GSU) компанияси ва “Яшил энергия” МЧЖ вакиллари ўртасида ўтказилган учрашувда шу ҳақда сўз борди.

Унда томонлар қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича миллий ва халқаро лойиҳаларни ривожлантириш, замонавий технологик ечимларни жорий этиш, кадрлар тайёрлашнинг замонавий стандартларини шакллантириш ва таълим жараёнларининг амалий йўналишини янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди.
Мулоқот чоғида GSU делегацияси университетнинг илмий ва инновацион салоҳияти, ундаги лабораторияларнинг имкониятлари ҳамда ёш мутахассислар билан ишлаш борасидаги тажрибасини юқори баҳолади.
Учрашув якунида томонлар қўшма таълим ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар учун амалий ўқув дастурларини ташкил этиш, шунингдек, қайта тикланувчи энергетика соҳасида инновацион ташаббусларни йўлга қўйишга келишиб олди.
Энергетика вазирлигига кўра, ушбу ҳамкорлик нафақат талабалар ва олимлар учун янги имкониятларни очади, балки мамлакатимизда экологик барқарорлик ва замонавий энергетика тизимини ривожлантиришга ҳам ҳисса қўшади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА