Ўзбекистоннинг БААдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абдулазиз Аққулов БАА Иқтисодиёт вазири ўринбосари Абдуллоҳ Аҳмад Ол Солиҳ билан учрашди.
БАА Иқтисодиёт вазирлиги Туризм департаменти раҳбари Ойша Ол Афифи ҳам иштирок этган учрашув кун тартибидан икки давлат ўртасида туризм ҳамда аёллар тадбиркорлиги йўналишларида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари жой олди.

Абдуллоҳ Аҳмад Ол Солиҳ жорий йилнинг 31 май-2 июнь кунлари Хива шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар туризм вазирлари XII сессияси юқори савияда ўтказилганлигини таъкидлаб, сафар таассуротлари билан ўртоқлашди. Халқаро тадбирни ўтказиш бўйича Ўзбекистон томонидан амалга оширилган тайёргарлик ишлари ҳамда мамлакатда туризмни ривожлантириш буйича олиб борилаётган ислоҳотларни алоҳида эътироф этиб, тарихий шаҳарлар ва буюк аждодлар мероси туризмнинг асоси эканини қайд этди. У Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларига алоҳида сафар қилиш мақсади борлигини билдирди.
Ўз навбатида, Амирликлар томонига жорий йилнинг 21-23 ноябрь кунлари ташкил этилаётган Тошкент халқаро туризм кўргазмасига юқори мартабали меҳмон ва маърузачи сифатида иштирок этиш таклиф этилди. Элчи “Ипак йўлида туризм” Тошкент халқаро туризм ярмаркаси бутун дунё бўйлаб туризм соҳасининг етакчи мутахассислари жам бўладиган кенг кўламли тадбир эканини, унда ўнлаб мамлакатларнинг сайёҳлик имкониятлари тақдимотлари, юзлаб мутахассисларнинг учрашувлари ва бизнес музокаралари, шунингдек туризмни ривожлантиришнинг асосий масалалари бўйича халқаро конференциялар ўтказилишини таъкидлади.

Шу билан бирга, тадбирда БАА ёки муайян амирлик стенди билан иштирок этиш учун барча шароитлар яратиб берилиши қайд этилди. Суҳбатдош ушбу тадбир ҳақидаги батафсил маълумотлар тақдим этишни сўраб, унда Амирликлар бизнес вакиллари билан биргаликда иштирок этиш масаласини кўриб чиқишини маълум қилди.
Учрашувда муҳокама қилинган асосий мавзу Амирликларнинг туризмни ривожлантириш стратегияси ҳамда мавжуд салоҳиятни тарғиб қилиш механизмлари бўлди. Абдуллоҳ Аҳмад Ол Солиҳ Бирлашган Араб Амирликларида туризм сектори рекорд натижалар ва кўрсаткичларга эришишда давом этаётгани, бу 2023 йилга нисбатан 26 фоизга кўтарилганидан сўнг унинг миллий иқтисодиёт ўсишидаги муҳим роли янада ошганини урғулади. У бу борадаги ишлар федерал ва маҳаллий идоралар томонидан умумий стратегия асосида, тарғибот ишлари эса мустақил равишда амалга оширилишини, бу кутилган натижалар бераётганини таъкидлади.
Амирликлар томонининг туризм соҳасидаги ютуқлари эътироф этилиб, Ўзбекистон Туризм қўмитаси вакиллари ҳамда ҳудудлар раҳбарларининг туризмга масъул ўринбосарларининг 1 ҳафталик малака ошириш дастурини 2024 йил давомида ҳамкорликда амалга оширишга келишиб олинди.
Учрашувда юртимизда меҳмонхона бизнеси учун яратилган шароитлар ва имтиёзлар ҳақида маълумот берилиб, Амирликларда муваффақиятли фаолият юритаётган халқаро ва минтақавий меҳмонхона брендларини Ўзбекистонга жалб қилишда кўмак сўралди. Ўз навбатида, сентябрь ойи давомида вазирлик билан яқиндан ҳамкорлик қилувчи брендлар билан учрашувлар ташкил этишга келишиб олинди.
Самарқанд шаҳридаги “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос университети томонидан 2024-2025 ўқув йили учун эълон қилинган магистратура таълим дастурига БАА учун жой ажратилганини суҳбатдош мамнуният билан қабул қилиб, туризм соҳасида фаолият юритувчи ташкилотлардан номзодлар тақдим этилишини билдирди.
Суҳбат давомида аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш борасида Амирликлар томони тажрибаси муҳимлиги қайд этилди ҳамда бу борадаги мавжуд ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди. Хориж томони вазирлик бевосита раҳбарлик қиладиган дастурлар ҳақида маълумот бериб, Ўзбекистон томони билан ҳамкорлик учун муайян ташкилотлар танлаб олиниб, тақдим этилишини маълум қилди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА