Ҳамкорларимиз саҳифаларида
БАА “AD Ports Group” компанияси ва Ўзбекистон саноат энергетика гуруҳи (SEG) мамлакатимизда логистика, юк ва озиқ-овқат савдоси инфратузилмасини ривожлантиради, деб хабар беради “WAM” ахборот агентлиги.
БАА ва Гвинеядаги 11 та порт ҳамда терминалларни бошқарадиган, Абу-Дабида жойлашган портлар, саноат зоналари ва логистика оператори - AD Ports Group Ўзбекистондаги энг йирик нефть ва газ компанияларидан бири бўлган SEG билан шерикликни мустаҳкамлаш ниятида. Ҳамкорлар янги логистика ва юк ташувчи корхоналар очиш мақсадида қўшма корхона ташкил этилишини эълон қилди. Компаниялар ўртасида ўзаро англашув меморандуми, логистика инфратузилмаси ва хизмат соҳасини ривожлантиришга қаратилган ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш бўйича асосий шартномалар имзоланди.
Маросимда Ўзбекистондан Транспорт, Инвестициялар ва ташқи савдо, Энергетика, Қишлоқ хўжалиги вазирликлари раҳбарлари, SEG бошқаруви раиси, БААдан Ташқи савдо давлат вазирлиги, Абу-Даби Иқтисодий ривожланиш, Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги департаментлари, БААнинг Ўзбекистондаги элчиси, “AD Ports Group”, Энергия ва коммунал хизматлар масъуллари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистонда “AD Ports Group” компанияси ваколатхонаси ташкил этилгани, Марказий Осиё минтақасидаги биринчи офиси очилгани эълон қилинди. Офис Тошкентда имзоланган шартномалар доирасида эълон қилинган лойиҳалар амалга оширилишини назорат қилади.
Қўшма корхона тузиш тўғрисидаги битим доирасида икки компания ўзаро логистика ва экспедиторлик хизмати кўрсатади. Жумладан, интермодал юк ташиш, автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспорти хизмати, ички порт ва контейнер майдонини, омборхона ва бошқа логистика инфратузилмасини биргалкда ривожлантиради.
Учрашув чоғи Ўзбекистоннинг жаҳон озиқ-овқат бозоридаги иштирокини кенгайтириш, Марказий Осиёда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида маҳсулотни сақлаш ва тарқатишнинг интеграциялашган марказини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Меморандум асосида икки компания сақлаш, ташиш ва озиқ-овқат хавфсизлиги йўналишида ҳамкорлик қилади ва лойиҳага оид тегишли ечимларни ўрганади.
Амирликлар томони баёнотида БАА ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо ҳажми ўтган йил 22 фоиз ўсиб, 486 миллион долларга етгани ҳам қўшимча қилинган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА