Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – БАА: ҳамкорлик кўлами юксалмоқда
13:55 / 2025-08-20

Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликларини умумий тарих, дин, маданий ва маънавий қадриятлар бирлаштириб туради. Сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланмоқда. Бунга олий ва юқори даражадаги сиёсий мулоқот кўп жиҳатдан ёрдам бермоқда, десак  муболаға бўлмайди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йил март, 2022 йил май ойларида ҳамда жорий йил 13-16 январь кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди. Икки давлат раҳбарлари кўп томонлама форумлар доирасида мунтазам ўзаро учрашувлар ўтказади, доимий равишда телефон орқали мулоқот қилади. Парламентлараро, ташқи сиёсий идоралар ўртасида ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ҳукуматлараро комиссия йиғилишлари ўтказиб келинади. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаённинг таклифига биноан жорий йил 13-16 январь кунлари расмий ташриф билан Абу-Даби шаҳрида бўлди. Давлатимиз раҳбари 14 январь куни "Абу-Даби барқарор ривожланиш ҳафталиги" халқаро саммитининг очилиши ҳамда барқарор ривожланиш соҳасида Шайх Зоид номидаги мукофотни топшириш маросимида иштирок этди.

Абу-Даби барқарор ривожланиш ҳафталиги – бу 2008 йилда БАА ҳукумати ва "Masdar" компанияси томонидан барқарор ривожланиш соҳасидаги глобал муаммоларни ҳал этиш учун ташкил этилган халқаро платформадир. Форумнинг мақсади жаҳонда барқарор тараққиётни жадаллаштириш, иқтисодий, ижтимоий ва экологик ривожланишга кўмаклашиш, озиқ-овқат ва сув хавфсизлигини таъминлаш, энергия тежамкорлиги ва карбонсизлантиришни илгари суришдан иборат.

Саммит кун тартибига “яшил” иқтисодиёт соҳасида барқарор тараққиётни таъминлаш, инновациялар ва янги технологияларни жорий этиш, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари киритилди. Форум доирасида Амирликлар асосчиси – марҳум Шайх Зоид Ол Наҳаён номи билан аталувчи барқарор ривожланиш соҳасидаги ютуқлар учун мукофот билан тақдирлаш маросими ҳам ўтказилди. Бу галги мукофотнинг "Глобал ўрта мактаблар" номинациясида Тошкент шаҳридаги Президент мактаби ғолиб деб топилди. Мукофотни Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён топширди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев мактаб вакиллари билан учрашиб, уларни ғалаба билан қизғин табриклади.

Давлатимиз раҳбари “Абу-Даби барқарор ривожланиш ҳафталиги” саммитида нутқ сўзлади. Бугунги кунда энергетика манбаларини диверсификация қилиш, улардаги углеводород улушини кескин камайтириш – иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, барқарор ривожланиш ва глобал хавфсизликни таъминлашнинг асосий шарти эканини таъкидлади. 

Қайд этиш жоиз охирги йилларда Амирликлар билан инвестициялар портфели 26 миллиард доллардан ошди. Улар орасида қайта тикланувчи энергетика лойиҳалари асосий локомотив бўлмоқда. “Masdar” компанияси билан умумий қуввати 1,5 гигаватт бўлган 5 та электр энергия объекти ишга туширилди. Яна 1,6 гигаваттга тенг 3 та генерация лойиҳаси ва қарийб 520 мегаватт соат энергия сақлаш тизимлари барпо этилади.

Президентимизнинг БААга ташрифи икки томонлама муносабатлар тарихида янги саҳифа очаётгани – улар стратегик шериклик даражасига кўтарилаётгани қайд этилди. Қувонарли жиҳати мамлакатларимиз ўртасида товар айирбошлаш ва инвестициялар ҳажми, қўшма корхоналар сони бир неча баробар ошди. Тўғридан-тўғри авиақатновлар сони кўпайди, визасиз тартиб жорий қилинди. Ташриф доирасида БААнинг етакчи компаниялари билан янги, асосан юқори технологик тармоқларда лойиҳалар портфели шакллантирилди. Сиёсий алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги мулоқотни янада ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди. Етакчилар иқтисодий ҳамкорликнинг янги моделини, жумладан, сунъий интеллект, рақамлаштириш, “яшил” энергетика, шаҳарсозлик ва инфратузилма, туризм, хусусий бизнес каби 6 та асосий йўналишни белгилаб олди. Ҳар бир устувор соҳа бўйича алоҳида ишчи гуруҳлар ташкил этишга келишилди. Томонлар 2025-2027 йилларни “Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг янги даври” деб эълон қилиш таклифини қўллаб-қувватлади. Шу маънода, 2030 йилга қадар ўзаро савдо ҳажмини 10 баробарга кўпайтириш ва инвестиция портфелини 50 миллиард долларга етказишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш асосий вазифа этиб белгиланди.

Маданий-гуманитар алмашинув кўламини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Давлатимиз раҳбари Муҳаммад бин Зоид номидаги университет билан ҳамкорликда юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва сунъий интеллект соҳасида илмий тадқиқотлар олиб бориш бўйича қўшма дастурни ишга туширишни таклиф этди. Абу-Даби шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари Президентлари ўртасида бўлиб ўтган музокаралар якунида Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисида декларация ва қатор битимлар имзоланди.

Икки дўст ўлка сайёҳлик соҳасини янада  ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Маълумки, БАА ривожланган инфратузилмаси ва юқори даражадаги хизмат кўрсатиш тизими туфайли дунёдаги энг машҳур сайёҳлик йўналишларидан бири саналади. Мамлакатдан ҳар йили қарийб 3,5 миллион киши саёҳатга чиқади ва бу борада БАА минтақа давлатлари орасида етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Бой маданий-тарихий меросга, қулай иқлим шароитига эга Ўзбекистон, биринчи навбатда, “зиёрат туризми”ни йўлга қўйиш имконияти орқали БАА аҳолиси учун истиқболли сайёҳлик йўналишидир. БАА ва Форс кўрфазининг бошқа мамлакатлари фуқаролари учун кириш визасини бекор қилиш тўғрисидаги қарор Ўзбекистонга ушбу давлатлардан келадиган сайёҳлар оқимини кўпайтиришга хизмат қилади. 

Ишонч билан айтиш мумкинки,  Ўзбекистон ва БАА манфаатлари кўп жиҳатдан бир-бирига мос келадиган узоқ муддатли шериклардир. Томонлар бир-бирини тўлдирадиган миллий ривожланиш стратегиясини амалга оширмоқда. Икки томонлама муносабат, жумладан, олий даражадаги мунтазам алоқалар изчиллик касб этган. Буларнинг бари халқаро муносабатлар тизими ўзгариши, жаҳон иқтисодиёти ва савдоси янги модели шаклланиши шароитида мамлакатларимизни янада яқинлаштириш, халқларимиз манфаати йўлида давлатлараро яқин муносабат ўрнатишга хизмат қилади.

Муҳаррама Пирматова, 

ЎзА