Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – БАА: фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битимлар сони кўпайди
17:14 / 2025-12-24

Ҳуқуқий муносабат

Сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида ижтимоий-иқтисодий, маданий алоқалар кенгайиб, юксалиб бормоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар дунёнинг йирик компаниялари, жумладан, БАА ишбилармон доираларини ҳам қизиқтирмоқда.

Хусусан, БАА компаниялари ҳамкорлигида мамлакатимизда замонавий агросаноат кластерлари ташкил этиш, тадбиркорликка оид ташаббусларни қўллаб-қувватлаш учун инвестиция компаниялари фаолиятини йўлга қўйиш бўйича кўплаб лойиҳалар, қатор муҳим ижтимоий дастурлар изчил амалга оширилмоқда.

Сўнги янгиликларга кўра, БАА билан фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битимлар сони яна биттага кўпайди.

Бу ҳақда Тошкент давлат юридик университети Халқаро хусусий ҳуқуқ кафедраси ўқитувчиси Нозимбек Дилбобоев қуйидагиларни маълум қилди:

– БАА делегациясининг мамлакатимизга ташрифи доирасида 2024 йил 27 сентябрда Тошкент шаҳрида мамлакатимиз билан БАА ўртасида фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битим имзоланган эди.  

2025 йил 14 апрелда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг қарори билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2025 йил 25 мартда киритилган “Ўзбекистон Республикаси билан Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисида Битимни (Тошкент, 2024 йил 27 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги ҚЛ-71 сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқиш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси кун тартибига киритилди.

Лойиҳа 2025 йил 15 апрелдаги Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қарори билан биринчи ўқишдаёқ маъқулланди ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилди.

Сенатнинг еттинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси билан Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги Битимни ратификация қилиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди ва маъқулланди.  

2025 йил 18 декабрда Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси билан Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисида Битимни(Тошкент, 2024 йил 27 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун қабул қилинди ва мазкур ҳужжат ратификация қилинди.

Шу кунга қадар икки давлат ўртасида экстрадиция, жиноят ишларида ҳуқуқий ёрдам, ҳаво қатнови, савдо-иқтисодий муносабатлар, даромад солиқлари бўйича иккиёқлама солиққа тортишни бартараф қилиш, фан ва техника каби йўналишларда жами 31 та келишув имзоланган.  

Қонун билан ратификация қилинган мазкур Битимда икки давлат ўртасида фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, ҳар икки давлат фуқароларини бир-бирининг ҳудудида тенг ҳуқуқий ҳимоя билан таъминлаш ҳамда фуқаролик ва иқтисодий масалалар юзасидан суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиш имкониятини яратиш назарда тутилган.

Шунингдек, фуқаролар ўртасида юзага келиши мумкин бўлган низоларни ҳал этиш, суд ҳужжатларини тан олиш ва ижро этиш каби масалалар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тартиби ҳам белгиланмоқда. Албатта, бу ҳужжат икки мамлакат ўртасида иқтисодий муносабатлар, хусусан, ўзаро савдо ва инвестициялар оқимига ҳам ижобий таъсир қилмасдан қомайди.

Гулноза Бобоева, ЎзА