English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон автомобиль бозорида савдолар ўсаётгани қайд этилди
12:10 / 2022-09-25

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг таҳлили шуни кўрсатдики, ҳозирги кунда автомобилларга бўлган талаб анча барқарор бўлиб, шу йилнинг январь ойида бошланган фаоллик ўсиш тенденциясини давом эттирмоқда. Август ойида автомобиль сотиб олишга қизиқишнинг ортиши қайд этилди, бу валюта курсларининг ўзгариши ва истеъмолчиларнинг пул маблағларини инвестиция қилиш истаги ортиши билан боғлиқ.

Марказ томонидан автомобиль бозоридаги савдо ўзгаришлари мунтазам равишда таҳлил қилиб келинмоқда. Август ойида сотилган автотранспорт воситаларининг умумий сони 119,3 мингтани ташкил этди, бу июль ойига нисбатан 16 фоизга кўп.

Рўйхатга ва қайта рўйхатга олинган автомобиллар сони ўзгариши

Йил бошидан буён мамлакатнинг барча ҳудудларида автомобиль савдоси сезиларли даражада ошган. Жумладан, энг юқори ўсиш Наманган – 44 фоиз, Қашқадарё – 34 фоиз ва Жиззах вилоятларида – 23 фоиз қайд этилди.

2021 йил август ойига нисбатан автомобиль савдоси 2 баравар ошди (+61,9 минг).

Эслатиб ўтамиз, йил бошига келиб жисмоний шахсларга тегишли автомобилларнинг умумий сони 3,1 миллионни ташкил этди, бу ўтган йилга нисбатан 0,28 миллионга кўп. Шундай қилиб, Ўзбекистоннинг ҳар минг доимий аҳолисига ўртача 87 та автомобиль тўғри келади. Статистика маълумотларига кўра, мамлакатимизда ҳар 12 кишидан бири автомобилга эга.

Энг кўп автомобиллар Тошкент шаҳрида рўйхатга олинган – 525 028 та. Кейинги ўринда Самарқанд — 392 475 та, Тошкент вилоятида — 324 154 та ва Фарғонада — 325 009 та.

Ҳудудлар бўйича жисмоний шахсларга тегишли энг кам рўйхатга олинган енгил автомобиллар Сирдарё – 68 278 та, Жиззах – 90 860 та ва Навоий вилоятларида – 97 439 та қайд этилди.

Иккиламчи автомобиль бозори

Август ойида иккиламчи бозорда 98 мингта автомобиль сотилган, бу ўтган ойга нисбатан 21 фоизга кўп. Шу билан бирга, иккиламчи автомобиль бозори йил давомида 2,2 баробар ўсди.

Бирламчи ва иккиламчи автомобил бозори (2021-2022)

Маҳаллий автомобиллар савдоси

Август ойида маҳаллий ишлаб чиқарилган янги автомобилларнинг сотилиши 17 мингтани ташкил этди ва июль ойига нисбатан 7,5 фоизга камайди. Шу билан бирга, 2021 йил август ойига нисбатан савдо ҳажми 1,8 баравар ошди.

Хорижий автомобиллар савдоси

Чет элда ишлаб чиқарилган янги автотранспорт воситалари олди-сотди шартномалари сони 1,8 мингтани ташкил этиб, ушбу кўрсаткич ўтган ойга нисбатан 38 фоизга, ўтган йилнинг август ойига нисбатан эса 1,8 баробарга ошгани қайд этилди.

Маҳаллий ва чет элда ишлаб чиқарилган янги енгил автомобиллар савдоси улуши

Хорижда ишлаб чиқарилган автомобиллар савдосининг бундай кескин ўсиши жорий йил май ойидан бошлаб импорт қилинадиган автомобилларни олиб кириш учун божхона тўловларининг пасайиши билан изоҳланади, бу эса савдо ҳажмининг ўсишига таъсир кўрсатди. Жорий йилнинг май-август ойларида хорижий автомобиллар савдоси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,6 баробарга ошган. Ушбу даврда маҳаллий автомобиллар сотуви ҳам барқарор ўсишни кўрсатиб, 1,4 баробарга ошган.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотлари асосида тайёрланди.

 

ЎзА