UzAuto Motors томонидан Chevrolet Lacetti, Cobalt, Damas ва Labo моделлари учун қўшимча шартноманинг очилиши сентябрь ойи охирида савдоларнинг ўсишини таъминлади. Октябрь ойида қарийб 40 мингта янги маҳаллий автомобиллар сотилди, электромобиль сегменти эса қисқаришда давом этиб, сотувлар 26 фоизга камайди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан ўтказилган Ўзбекистон автомобиль бозоридаги вазият таҳлил натижаларига кўра, шу йилнинг октябрь ойида барча автотранспорт воситаларининг сотуви 24 фоизга ўсиб, 183 мингтани ташкил этди. Бу, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 62 фоизга ўсди, деганидир.
Октябрь ойида енгил автомобиллар савдоси 168 мингни ташкил этиб, бир ой давомида 23 фоизга ошди. Энг катта ўсиш Сирдарёда – 47 фоиз, Қашқадарёда – 43 фоиз ва Фарғона вилоятларида – 39 фоиз кузатилди.
Октябрь ойида Dams/Labo, Cobalt ва Lacetti бюджет моделлари нархи кўтарилганига қарамай, UzAuto Motors томонидан шартномалар қайта тикланиши фонида ноябрь ойида енгил автомобиллар савдоси ҳам ошиши кутилмоқда.
Ой давомида янги енгил автомобиллар савдоси бир ой олдинги 1,4 фоизга нисбатан 17 фоизга ошди. Ўтган йилнинг октябрь ойига нисбатан фаоллик икки баравар ошиб, деярли 25 мингта автомобиль сотилди, сентябрь ойида эса 10 мингдан ортиқ енгил автомобиль сотилган.
Сентябрь ойида янги маҳаллий енгил автомобиллар савдоси 4,2 фоизга ошган бўлса, октябрь ойида 15 фоизга ошди ва деярли 39 мингтани ташкил этди.
Хорижда ишлаб чиқарилган янги енгил автомобиллар бозорида бир ой олдин пасайиш қайд этилган бўлса, октябрь ойида сотувлар деярли 6 мингтани ташкил этиб, 30 фоизга ўсди. Шу билан бирга, ўтган йилнинг октябрь ойига нисбатан фаоллик 3 баравар ошди.
Октябрь ойида иккиламчи автомобиль бозори ўсишда давом этди. Ҳайдалган енгил автомобиллар савдоси 124 мингтадан ошди, бу бир ой олдингига нисбатан 26 фоизга кўпдир. Ўтган йилнинг октябрь ойига нисбатан ўсиш 46 фоизни ташкил этди.
Енгил электромобиллар савдоси кетма-кет иккинчи ой пасаймоқда. Октябрь ойида 2,7 мингта электромобиль сотилди, бу сентябрь ойига нисбатан 26 фоизга кам.
Пойтахтнинг электромобиллар бозори сезиларли даражада пасайди. Сентябрь ойида 2,5 мингта электромобиль сотилган бўлса, октябрь ойида сотувлар 45 фоизга қисқариб, 1,4 мингтани ташкил этди.
Шу билан бирга, ўтган йилнинг октябрь ойига нисбатан электромобиллар савдоси 5,6 баравар ошди.
Агар электромобиллар бирламчи бозорини баҳоласак, бу сегмент ҳам ўтган йилга нисбатан 35 фоиздан 2 мингтагача пасайишни кўрсатади, сотувлар эса ўтган йилга нисбатан 6 баравар ошди.
Шу билан бирга, электромобилларнинг иккиламчи бозори бир ой олдингидек ўсиб бормоқда. Октябрь ойида сотувлар 30 фоизга ошди, сентябрь ойида эса 8,5 фоиз камроқ ўсиш кузатилди.
Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА