Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази жорий йил ноябрь ойи якунлари бўйича Ўзбекистон автомобиль бозорининг ҳолатига доир янгиланган таҳлилни эълон қилди.
Тақдим этилган маълумотларга кўра, ноябрь ойида автотранспорт воситаларининг барча тоифалари бўйича жами савдолар ҳажми 101,1 минг донани ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6 фоизга юқори.
Бирламчи бозорда енгил автомобиллар савдоси йиллик ҳисобда 15 фоизга ошди, бу ўтган йилнинг ноябрь ойига нисбатан тахминан 4,4 минг донага кўпдир.
Ҳудудлар кесимида енгил автомобиллар савдоси ўсиш суръати бўйича Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикаси етакчилик қилди.
Маҳаллий ишлаб чиқарилган янги енгил автомобиллар сегментида реализация ҳажми тахминан 30 минг донани ташкил этиб, йиллик ҳисобда 13,6 фоизга ўсди.
Хорижда ишлаб чиқарилган янги енгил автомобиллар савдоси эса 5 минг донага яқин бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 22,5 фоизга юқори қайд этилди.
Иккиламчи автомобиль бозорида ноябрь ойида тахминан 52 мингта фойдаланилган енгил автомобиль реализация қилинди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8 фоизга кам.
Шу билан бирга, пойтахтда фойдаланилган автомобиллар савдоси 1,4 баробарга ошди ва ўтган йил ноябрига нисбатан 3,4 мингтага кўп автомобиль сотилди.
Бундан ташқари, иккиламчи бозорда электромобиллар реализацияси йиллик ҳисобда 1,8 баробарга ўсди.
М.Қосимова тайёрлади, ЎзА