Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва Австрия Республикаси Европа ва ташқи ишлар федерал вазири Александр Шалленберг икки давлат ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан ўзаро табрик алмашдилар.
А.Комиловнинг мактубида Ўзбекистон Австрияни Европадаги асосий шерик деб билиши ҳамда узоқ муддатли ва кўп қиррали икки томонлама ҳамкорликка алоҳида аҳамият қаратиши таъкидланган.
“Биз Австрия билан очиқ, конструктив мулоқотни давом эттиришдан, сиёсий, парламентлараро, иқтисодий ва таълим соҳаларида ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдормиз, – деди Ўзбекистон ТИВ раҳбари.
Ўз навбатида Александр Шалленберг сўнгги йилларда ўзаро ҳурмат ва дўстликка асосланган Ўзбекистон - Австрия муносабати ижобий хусусият касб этаётганини таъкидлади.
“Австрия ишбилармон доиралари Ўзбекистонни минтақадаги, айниқса, инфратузилмани ривожлантириш ва яшил иқтисодиётга ўтиш нуқтаи назаридан энг истиқболли бозорлардан бири сифатида билади”, — дейилади Австрия ташқи ишлар вазири мактубида.
ЎзА