Архивлар – ҳужжатларда акс этувчи тарих. Қолаверса, архивларда сақланадиган ҳужжатлар ҳар биримизга керак бўлиши мумкин. Шу боис архив тўғри юритилса ва сақланса, муҳими, ундан фойдаланиш қулайлаштирилса, фойдадан ҳоли эмас.
Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги тизимидаги архивлар қандай ишламоқда? Соҳага қандай янгиликлар жорий этилаётир?
Бу саволларга Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Исомиддин Латипов жавоб берди:
– Архив иши бўйича 14 ҳудудий бошқарма ҳамда 223 давлат архиви фаолият юритмоқда. Шундан 3 таси Ўзбекистон миллий архиви, 101 таси давлат архиви, 119 таси хўжалик ҳисобидаги шахсий таркиб ҳужжатлари давлат архиви ҳисобланади.
Агентлик тизимидаги архивларда нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё тарихига оид 16,1 миллион бирликдаги ҳужжат сақланмоқда.
Давлат архивларида сақланаётган 8,3 миллион (10 фоиз)дан ортиқ миллий архив фонди ҳужжатлари электрон шаклга ўтказилди.
Агентлик фаолиятида сифат менежменти ва коррупцияга қарши менежменти тизимлари жорий этилиб, ISO 9001:2015 ва ISO 37001:2016 халқаро стандарт сертификатларига муносиб, деб топилди.
Агентлик тизимидаги архивларни адлия органлари билан уйғунлаштириш жараёнлари амалга оширилди. Хусусан, аҳолига архив соҳасида давлат хизматлари кўрсатиш сифати ва қулайлигини янада ошириш мақсадида архив органлари замонавий бинолар билан таъминланмоқда. Мисол учун, Жиззах вилоятидаги давлат архивлари учун вилоят адлия бошқармаси тасарруфидаги 13 бино ажратилди. Шундан Фориш, Пахтакор, Арнасой ва Мирзачўл туманларидаги тўртта туман шахсий таркиб ҳужжатлари давлат архивлари замонавий биноларга кўчирилди. Бошқа архив органларини ҳам босқичма-босқич замонавий бинолар билан таъминлаш режалаштирилган.
Шунингдек, архив иши соҳасининг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш бўйича ҳам кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Мисол учун, тадбиркорлик субъектларининг оғирини енгил қилиш мақсадида нодавлат архивларни ташкил этишни соддалаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва ҳукуматга киритилди.
Унда нодавлат архив фаолиятини бошлаш хабардор қилиш тартиб-таомили билан тартибга солиниши назарда тутилмоқда. Ушбу тартибга ўтилиши, шубҳасиз, тадбиркорлик субъектларига нодавлат архив фаолиятини амалга оширишда кенг имкониятлар яратади.
Мазкур қонун қабул қилиниши натижасида айрим эскирган тартиботлар бекор бўлади. Мулкчилик шаклидан қатъий назар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар фаолиятида шаклланадиган, сақлаш муддати вақтинча бўлган архив ҳужжатларининг ўрнатилган тартибда йўқ қилинишида архив ҳужжатларининг электрон нусхаларини талаб этиш амалиёти бекор қилинади.
Давлат органлари ҳамда ташкилотларида “қоғозсиз ишлаш” тизими йўлга қўйилади. Ҳужжатларни “Идоравий электрон архив” ахборот тизимида электрон сақлаш амалиёти жорий этилади.
Бундан ташқари, архив иши соҳасида кадрлар тайёрлаш жараёнини такомиллаштириш бўйича ҳам қатор таклифлар ишлаб чиқилмоқда. Яқин келажакда юридик техникумларда “Архившунослик” йўналишида кундузги, сиртқи, масофавий ва кечки таълим шакллари бўйича кадрлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилади.
Соҳада амалга оширилаётган барча саъй-ҳаракатлар архив органлари томонидан аҳолига тез, қулай ва сифатли давлат хизматлари кўрсатишга қаратилган.
Норгул Абдураимова, ЎзА