Сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, аграр тармоқда инновацион ечимларни жорий этиш ҳамда илғор халқаро тажрибани ўрганиш бугунги кунда соҳани барқарор ривожлантиришнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва сув-аграр соҳаси вакилларидан иборат ишчи гуруҳнинг АҚШга амалга оширган хизмат сафари доирасида амалий натижаларга қаратилган қатор учрашув ва музокаралар ўтказилди.

Хусусан, Администрация раҳбарининг ўринбосари Тимур Бутунбоев бошчилигидаги ишчи гуруҳ сув ресурсларини самарали бошқариш, қишлоқ хўжалиги тизимида сувдан оқилона фойдаланиш, аграр соҳада инновацион биотехнологияларни жорий этиш масалалари юзасидан амалий мулоқотлар ўтказди.
Жумладан, Вашингтондаги ўсимликларни тўқима культураси (in vitro) асосида саноат миқёсида кўпайтиришга ихтисослашган “Plant Cell Technology” компанияси фаолияти билан яқиндан танишилди. Компания томонидан ишлаб чиқилган автоматлаштирилган вақтинчалик иммерсия (temporary immersion) биореактор тизими меҳнат сарфини камайтириш, ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш ҳамда кўчат етиштириш ҳажмини бир неча баробар ошириш имконини бериши таъкидланди.

Сув хўжалиги вазирлиги ахборот хизматига кўра, мазкур хизмат сафари доирасида ишчи гуруҳ АҚШнинг соҳадаги бошқа йирик компаниялари фаолияти билан ҳам танишиб, музокаралар ўтказди. Унда ҳамкорлик истиқболлари, техник маслаҳатлар алмашиш, шунингдек, саноат миқёсидаги ишлаб чиқариш объектларига маҳаллий мутахассисларни юбориш бўйича келишувларга эришилди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА