Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – АҚШ: ташрифнинг сиёсий ва стратегик аҳамияти
17:59 / 2026-02-25

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга амалга оширган ишчи ташрифи мазмунан бой бўлган протокол сафарида анча кенгроқ аҳамият касб этди. Одатда бундай мақомдаги ташрифлар қисқа ва аниқ кун тартибига эга бўлади. Бироқ бу галги сафар нафақат халқаро майдондаги иштирок, балки муҳим келишувлар ва истиқболли мулоқотлар билан ҳам ёдда қолди.

Ташрифнинг марказий воқеаси – Тинчлик кенгашининг илк саммити бўлди. Мазкур тузилма ташаббускори бўлган АҚШ Президенти Дональд Трамп ушбу йиғилишга давлатимиз раҳбарини шахсан таклиф қилгани эътиборга молик. Бу ҳолат мамлакатимизнинг халқаро сиёсий жараёнлардаги ўрни тобора мустаҳкамланаётганидан далолат беради. Саммит доирасида Ғазо секторини тиклаш, гуманитар ёрдам кўрсатиш ва Яқин Шарқда барқарорликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Энг муҳим жиҳати шундаки, Ўзбекистон бу жараёнларда кузатувчи эмас, балки амалий ҳисса қўшишга тайёр ҳамкор сифатида қатнашмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг нутқида илгари сурилган фикрлар прагматик ва мувозанатли ёндашувни акс эттирди. Ғазонинг келажаги аввало, унинг аҳолиси розилиги ва ички таянчига суяниши зарурлиги таъкидланди. Бу принцип халқаро ҳуқуқ ва суверенитет тамойилларига тўла мос келади. Шу билан бирга, турар жойлар, ижтимоий инфратузилма ва тиббиёт муассасалари барпо этишга кўмак бериш таклифи Ўзбекистоннинг тинчликпарвар ташқи сиёсатини яна бир бор намоён этди.

Сафарнинг яна бир муҳим қатлами – иқтисодий дипломатия. Вашингтонда АҚШ савдо ва молия доиралари вакиллари билан ўтказилган учрашувлар стратегик шерикликни амалий мазмун билан бойитди. Хусусан, BlackRock каби йирик инвестиция тузилмалари иштирок этгани Америка бизнес ҳамжамиятининг Ўзбекистон бозорига қизиқиши ортиб бораётганини кўрсатади. Ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғи, суғориш технологиялари, муҳим минералларни қазиб олиш, паррандачилик кластерлари ҳамда молия бозорини ривожлантиришга оид ҳужжатлар имзоланиши ташрифнинг аниқ натижалар билан якунланганини билдиради.

Эътиборли жиҳатлардан яна бири, саммит доирасида йигирмага яқин давлат делегациялари раҳбарлари билан ўтказилган мулоқотлардир. Бундай учрашувлар кўпинча расмий баёнотлардан кўра самаралироқ бўлади. Чунки, айнан шундай суҳбатларда келгусидаги лойиҳалар ва ўзаро англашув пойдевори қўйилади.

Ташриф тафсилотлари орасида яна бир рамзий ҳолат бор. Тошкент сари йўл олган мамлакатимизнинг биринчи рақамли борти 12 соатлик парвоз давомида гўёки “ҳаводаги штаб”га айлангани ҳақидаги хабар кўплаб юртдошларим қатори мени ҳам тўлқинлантирди. Бу жиҳат замонавий бошқарув услубини кўрсатади: давлатимиз раҳбари сафарда ҳам ички сиёсий ва иқтисодий масалалардан узилмай, ҳудудлар ва тармоқлар билан алоқани давом эттирмоқда. Глобал кун тартибида фаол қатнашиш билан бирга миллий манфаатлар устуворлиги сақланиб қолаётгани айнан шунда намоён бўлади.

Умуман олганда, мазкур ишчи ташриф Ўзбекистон ташқи сиёсатининг янги босқичини ифодалайди. Мамлакатимиз энди халқаро ташаббусларни қўллаб-қувватлабгина қолмай, уларни шакллантиришда фаол иштирок этаётган давлат сифатида намоён бўлмоқда. Вашингтондаги учрашувлар шуни кўрсатдики, бугунги дипломатия фақат сиёсий баёнотлар билан эмас, балки аниқ иқтисодий келишувлар, сармоявий лойиҳалар ва минтақавий барқарорликка қўшилаётган реал ҳисса билан ўлчанади.

Шу маънода, бу сафар қисқа муддатли ташриф бўлса-да, узоқ истиқболга хизмат қиладиган стратегик қадам сифатида баҳоланмоқда.

Муҳаммад Игамбердиев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви

академиясининг магистратура босқичи тингловчиси.