French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – АҚШ: стратегик шериклик минтақалараро ҳамкорлик драйвери сифатида
17:20 / 2026-02-20

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 17–19 февраль кунлари АҚШга ташриф буюриб, мамлакатларимиз ўртасидаги мулоқотни кенгайтириш ҳамда халқаро муносабатларни такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилди. Шунингдек, минтақавий можароларни тинч йўл билан ҳал этишга қаратилган янги халқаро тузилма – “Тинчлик кенгаши”нинг биринчи мажлисида иштирок этди.

Ташриф доирасида ўтказилган мулоқотлар, айниқса, савдо ва иқтисодий дипломатия йўналишидаги амалий музокаралар ва келишувлар икки томон учун ҳам муҳим аҳамият касб этди. Вашингтонда бўлиб ўтган йиғилишда Президентимиз Ғазо секторини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан тиклаш ҳамда минтақада барқарор тинчликни таъминлаш юзасидан Ўзбекистоннинг ёндашувларини баён қилди.

Сиёсий фанлар доктори, профессор Сайфиддин Жўраев фикрича, амалий ташриф давомида иқтисодий дипломатияга алоҳида эътибор қаратилди. Ишбилармонлик дастури доирасида қатор учрашувлар ўтказилиб, аниқ натижаларга эришилди.

Биринчидан, ташриф давомида “Тинчлик кенгаши” йиғилишида иштирок этиш билан бирга, инвестиция ва ишбилармонлик йўналишида фаол мулоқотлар олиб борилди. Кейинги йилларда сиёсий мулоқот фаоллашгани фонида Ўзбекистон–АҚШ ҳамкорлиги муҳим соҳаларда кенгаймоқда. Кун тартибида минтақавий барқарорлик, иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, савдо ва инвестицияларни ривожлантириш, гуманитар ва таълим алоқаларини чуқурлаштириш масалалари ўрин олди.

Энергетика, рақамлаштириш, инфратузилма ва кадрлар тайёрлаш соҳаларидаги қўшма лойиҳалар узоқ муддатли шериклик учун мустаҳкам замин яратмоқда. Шу доирада Президентимиз АҚШ савдо вазири Ховард Латник, савдо вакили Жеймисон Грир, Эксимбанк президенти ва раиси Жон Йованович ҳамда Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси бош ижрочи директори Бен Блэк билан алоҳида учрашувлар ўтказди.

Ташрифнинг ишбилармонлик дастури доирасида икки томонлама ҳужжатлар имзоланди, қўшма лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Тадбирда АҚШ ҳукумати, йирик компаниялар ва молия институтлари вакиллари иштирок этди. Видеоалоқа орқали Ўзбекистон ҳудудлари раҳбарларининг жалб этилиши янгича ва амалий ёндашув сифатида эътироф этилди.

Иккинчидан, савдо ва иқтисодий дипломатия соҳасидаги музокаралар амалий ва истиқболли аҳамият касб этди. АҚШ етакчиси, Конгресс ва ишбилармон доиралар вакиллари билан учрашувлар ўтказилди. Стратегик шериклик, инвестициявий ҳамкорлик ва минтақавий хавфсизлик масалалари муҳокама қилинди. Томонлар Марказий Осиёдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришнинг самарали механизми сифатида “C5+1” форматига алоҳида эътибор қаратди.

Учинчидан, Вашингтонда икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими ва қўшма лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди. Унда АҚШ ҳукумати ва молия институтлари вакиллари, етакчи компаниялар раҳбарлари иштирок этди. 

Давлатимиз раҳбари ушбу учрашувни аввалги мулоқотларнинг мантиқий давоми сифатида баҳолаб, иқтисодий шериклик стратегик ишонч ва ўзаро манфаатдорлик руҳида янги босқичга кўтарилаётганини таъкидлади. Қайд этилганидек, бугунги шароитда ишончли шериклик, аниқ қоидалар ва узоқ муддатли ҳамкорлик устувор аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон АҚШ билан муносабатларни айнан шу тамойиллар асосида ривожлантирмоқда.

Тўртинчидан, иқтисодиёт Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликнинг асосий таянч нуқталаридан бири экани таъкидланди. Ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида муҳим хомашё ресурслари, нефть-кимё, энергетика, қишлоқ хўжалиги, паррандачилик ва бошқа тармоқлар кўрсатиб ўтилди.

АҚШ Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси ва Эксимбанкнинг битимларга ҳамроҳлик қилишдаги роли ортиб бораётгани алоҳида қайд этилди. Қўшма Ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши салоҳиятидан самарали фойдаланиш муҳимлиги урғуланди.

Ҳудудлараро алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон вилоятлари раҳбарларининг АҚШнинг ҳамкор штатларига ташрифларини ташкил этиш режаси билдирилди. Давлатимиз раҳбари ҳузурида ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғини барпо этиш, ёмғирлатиб суғориш технологияларини жорий қилиш, муҳим минералларни қазиб олиш ва етказиб бериш, паррандачилик кластерини ташкил этиш, агросаноатни ривожлантириш, молия бозорини такомиллаштириш ҳамда инвестиция муҳитини яхшилашга қаратилган икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.

Бешинчидан, ишбилармонлик тадбирлари доирасида Президент Шавкат Мирзиёев АҚШ Экспорт-импорт банки президенти ва раиси Жон Йованович ҳамда Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси (DFC) бош ижрочи директори Бен Блэк билан учрашди. Суҳбатда 2025 йилда Президент Дональд Трамп билан бўлиб ўтган музокаралар савдо-инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришга кучли туртки бергани қайд этилди.

Ишбилармонлик кенгаши фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва устувор лойиҳаларни тизимли илгари суриш мақсадида инвестиция платформасини ишга туширишга алоҳида эътибор қаратилди. Эксимбанк билан ҳамкорликнинг янги йўналишлари белгилаб олинди. Йирик саноат ва инфратузилмавий лойиҳаларни молиялаштиришни кенгайтириш, юқори технологияли ускуналар етказиб беришни қўллаб-қувватлаш шулар жумласидандир. “DFC” раҳбарияти билан мулоқотда инвестициявий ҳамкорлик механизмларини мустаҳкамлаш масаласи муҳокама қилинди.

Олтинчидан, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида Инвестиция платформасини ташкил этиш тўғрисидаги битим алмашилди. Стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш ва устувор йўналишларда кооперация лойиҳаларини илгари суриш масалалари кўриб чиқилди. Бугунги кунда Ўзбекистон бозорида АҚШнинг 340 га яқин компанияси фаолият юритмоқда. Қиймати 35 миллиард доллар бўлган уч йиллик иқтисодий ҳамкорлик дастури амалга оширилаётгани қайд этилди.

АҚШ савдо котиби Ховард Лутник билан музокараларда энергетика, муҳим хомашё, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва ахборот технологиялари соҳаларидаги саноат кооперацияси муҳокама қилинди. Лойиҳалар портфелини кенгайтириш ва Америка компаниялари иштирокини енгиллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, АҚШ савдо вакили Жеймисон Грир иштирокидаги учрашувларда савдо оқимларини кўпайтириш, тартиб-таомилларни соддалаштириш ва ўзаро савдони тартибга солиш изчиллигини ошириш чоралари кўриб чиқилди. Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини қўллаб-қувватлаш масаласи муҳокама қилинди. Томонлар Марказий Осиё билан савдо ва инвестиция битими доирасидаги ҳамкорлик истиқболларини ҳам кўриб чиқдилар.

Эътиборлиси, “Тинчлик кенгаши”нинг биринчи йиғилишида давлатимиз раҳбари нутқ сўзлаб, Ўзбекистон тинчликсевар ташаббусни қўллаб-қувватлашини ва уни амалий жиҳатдан рўёбга чиқаришда иштирок этишга тайёрлигини қайд этди.

АҚШ етакчиси саммит иштирокчиларини тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшаётган глобал лидерлар сифатида таърифлади. Тадбирда Ғазо секторини реконструкция қилиш, инфратузилмани тиклаш, хавфсизликни таъминлаш ва халқаро молиялаштириш механизмлари бўйича режалар тақдим этилди. 

ТДШУ Таҳлилий тадқиқотлар маркази вакили Салима Ғуломова таъкидлашича, Кенгашнинг ташкил этилиши халқаро ҳамжамиятнинг можароларни барвақт олдини олиш ва айниқса Яқин Шарқдаги ўткир инқирозларга сиёсий-дипломатик ечим топишга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлди.

Ўзбекистоннинг ушбу тузилмадаги иштироки мамлакат ташқи сиёсатининг изчил йўналишини — мулоқотни қўллаб-қувватлаш, халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилиш ва куч ишлатиш сценарийларига йўл қўймаслик тамойилларини акс эттиради. Фаластин масаласида БМТ резолюцияларига асосланган адолатли ва барқарор ечимни қўллаб-қувватлаш позицияси ушбу ташаббус доирасида янада мустаҳкамланди.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистоннинг Тинчлик кенгашидаги иштироки мамлакат халқаро нуфузи ортиб бораётгани ва глобал жараёнлардаги конструктив роли эътироф этилаётганини англатади. АҚШ учун эса бу Ўзбекистон тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётга қаратилган ташаббусларда муҳим шерик эканининг яна бир тасдиғидир.

Умуман олганда, Президентимизнинг мазкур саммитдаги иштироки нафақат янги халқаро мулоқот архитектурасини шакллантиришдаги фаол позицияни кўрсатади, балки Ўзбекистон–АҚШ муносабатларининг ижобий динамикасини мустаҳкамлайди. Ушбу ташриф икки томонлама ҳамкорликни стратегик даражада чуқурлаштиришга, минтақада ва дунёда тинчлик ҳамда барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Мусулмон Зиё, ЎзА