Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига амалий ташрифи мамлакатимиз ташқи сиёсатида очиқлик, ўзаро ишонч ва прагматик ҳамкорлик тамойиллари изчил давом этаётганининг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.
Вашингтон шаҳрида АҚШ савдо вазири Ховард Латник билан бўлиб ўтган учрашувда стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, устувор йўналишларда кооперация лойиҳаларини илгари суриш масалалари муҳокама қилинди. Қайд этилганидек, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмининг 1 миллиард доллардан ошгани, мамлакатимизда АҚШнинг 340 га яқин компанияси фаолият юритаётгани ҳамкорликнинг мустаҳкам иқтисодий пойдеворга эга эканини кўрсатади.
Хусусан, авиация соҳасидаги ҳамкорлик алоҳида аҳамиятга эга. Ўзбекистон миллий авиакомпанияси билан Boeing ўртасида 14 та Boeing 787−9 Dreamliner самолётини харид қилиш ва қўшимча 8 та самолёт бўйича опцион келишувига эришилгани мамлакатимиз транспорт салоҳиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади. Бу келишув нафақат Uzbekistan Airways тарихидаги энг йирик шартнома, балки Ўзбекистоннинг халқаро авиация бозоридаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шу билан бирга, транспорт-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар – “Хитой – Марказий Осиё – Кавказ – Европа”, “Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Туркия” каби мултимодал йўлаклар ҳамда “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши каби ташаббуслар мамлакатимизни халқаро логистика занжирларининг муҳим бўғинига айлантиришга қаратилган стратегик ёндашувнинг амалий ифодасидир.
Уч йиллик 35 миллиард долларлик Иқтисодий ҳамкорлик дастурининг амал қилиши, Ишбилармонлик кенгаши ва Инвестиция платформасини ишга тушириш бўйича келишувлар эса савдо-инвестиция муносабатларини тизимли равишда ривожлантиришга хизмат қилади. АҚШ Экспорт-импорт банки ҳамда Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси билан ҳамкорликни кенгайтириш йирик инфратузилмавий ва саноат лойиҳаларини молиялаштириш имкониятларини янада кенгайтиради.
Президентимиз таъкидлаганидек, бугунги глобал шароитда шериклар ўртасида ишонч, аниқ қоидалар ва узоқ муддатли ҳамкорлик устувор аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон – АҚШ муносабатлари айнан шу тамойиллар асосида ривожланиб бормоқда.
Ташриф доирасида Доналд Трамп раислигида ўтказилган Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этиш ҳам мамлакатимизнинг халқаро тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган ташаббусларда фаол иштирок этаётганини кўрсатди. Ғазо секторини қайта тиклаш, гуманитар ёрдам кўрсатиш ва можародан кейинги барқарорлашув жараёнларини қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан билдирилган фикрлар Ўзбекистоннинг конструктив ва тинчликсевар ташқи сиёсатини яна бир бор намоён этди.
Айниқса, мамлакатимиз раҳбарининг Ғазо ҳудудида ижтимоий инфратузилма объектларини барпо этишга ҳисса қўшишга тайёр экани ҳақидаги баёноти Ўзбекистоннинг глобал масъулиятни чуқур англаган давлат сифатидаги нуфузини мустаҳкамлайди.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур ташриф Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклигини мазмун жиҳатидан бойитди, иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга кўтарди ва мамлакатимизнинг халқаро майдондаги фаол, ташаббускор ва ишончли ҳамкор сифатидаги ўрнини янада мустаҳкамлади.
Абдулазиз Гуламов,
Тошкент давлат транспорт университети ректори.