АҚШдаги Каспий сиёсати маркази (CРC) Директорлар кенгаши аъзоси, минтақа хавфсизлиги ҳамда сиёсати дастури раҳбари Элчи Ричард Хугланд Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) билан суҳбатда бугунги кунда Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ҳамкорлиги “жуда мустаҳкам ва кенг қамровли” эканини таъкидлади.
Дипломат айтишича, шериклик иқтисодиёт, таълим, оммавий ахборот воситалари, ахборот каби турли йўналишларни қамраб олган.
– Ҳақиқатан жуда кўп соҳаларда мустаҳкам ва ижобий муносабатлар ўрнатилган, – дея таъкидлади эксперт.
Ўзбекистоннинг минтақавий етакчилиги
Элчи Хугланд сўнгги йилларда Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари билан ўзаро алоқаларда ҳам, АҚШ билан мулоқотда ҳам ўта фаол ва тўлақонли иштирок этаётганига алоҳида эътибор қаратди:
– Биз минтақа мамлакатлари, биринчи навбатда, Ўзбекистон раҳбарлигида бир-бири билан тобора яқин ҳамкорлик қила бошлаганини кузатмоқдамиз. Умид қиламанки, вақт ўтиши билан бу давлатлар халқаро миқёсда янада салмоқли ваколатга эга бўлиш учун расмий ташкилот – ўзига хос иттифоқ, масалан АСЕАН ёхуд Болтиқ кенгаши каби формат ташкил эта оладилар. Бундай ташаббус давлатларнинг сиёсий бирлашуви эмас, балки халқаро майдонда кучлироқ минтақавий овозга эга бўлиш учун саъй-ҳаракатни бирлаштириш истиқболи билан изоҳланади. Марказий Осиёнинг ҳар бир давлати ўзининг кучли томонига эга ва айнан ягона мақсад ва манфаат йўлида бирга ишлаш умумий муваффақият калити бўла олади.
Ислоҳотлар ва демократик ўзгаришлар
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган сиёсий ва демократик ислоҳотлар ҳақида сўз юритаркан, дипломат мазкур жараённинг сезиларли самарасини таъкидлади:
– Бу жуда ижобий ўзгариш, чунки демократия халқни мустаҳкамлайди, янада кучлироқ қилади ва пировардида фаровонликка элтади. Энг муҳими, буларнинг бари инсонлар манфаатига йўналтирилган.
Иқтисодиёт ва инвестиция
Юртимиздаги иқтисодий ислоҳотлар ва сармоявий муҳитни баҳоларкан, жаноб Хугланд Ўзбекистондаги АҚШ компаниялари ажойиб натижаларга эришаётганини эътироф этди.
– “Business C5+1” формати туфайли Америка корхоналари бошқа ҳамкорларига Ўзбекистон ва Марказий Осиёни инвестиция учун истиқболли йўналиш сифатида кўриб чиқишни тавсия қилмоқда, – дея қўшимча қилди эксперт. – Бу бутун минтақа учун ажойиб сигнал.
“Марказий Осиё + АҚШ” саммити: ўзаро ҳурматга асосланган мулоқот
C5+1 форматидаги саммитлар мавзусини шарҳлаган Элчи Ричард Хугланд томонларнинг мулоқотни ривожлантиришга бўлган қатъий интилишини муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади:
– Бу зўр ташаббус. Мазкур учрашувлар Марказий Осиё давлатлари Қўшма Штатларнинг муҳим ролини, АҚШ эса ўз навбатида муҳим стратегик минтақа сифатида Марказий Осиёнинг аҳамияти ошиб бораётганини тан олишини тасдиқлайди.
Абдуазиз Хидиров тайёрлади. ЎзА