Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон-АҚШ: қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик
14:16 / 2026-01-29

АҚШнинг Небраска штати Омаҳа шаҳридаги “Valmont Industries Inc.” компанияси МДҲ ва Туркия бўйича тижорат директори Сергей Стефанов, компаниянинг минтақавий менежери Сергий Мелниченко ва бошқа мутасаддилар Бухорога келди.

Вилоят ҳокими Ботир Зарипов билан ўтказилган учрашувда ҳамкорлик доирасида амалга ошириладиган ташкилий ишлар юзасидан фикр алмашилди.

Меҳмонларга вилоят учун суғориш лойиҳа дастури тақдимот қилинди. Лойиҳанинг асосий мақсади вилоятда суғориш тизимларини ишлаб чиқиш ва ўрнатишдир. Ҳозирги босқичда Пешку туманида танлаб олинган ер майдонларида суғориш тизимларини амалга оширишнинг имконият ва мослигини баҳолаш ишлари давом этмоқда. Танланган ҳудуд асосий суғориш коллектор канали (Т-9 коллектор) бўйида жойлашган бўлиб, шарқ-ғарб йўналишида ўтади ва атрофдаги қишлоқ хўжалиги ерлари учун муҳим сув етказиб бериш инфратузилмаси ҳисобланади.

Ҳудуддан тупроқ намуналари олинган ва лаборатория шароитида таҳлил қилинган. Вилоятдаги иқлим кўрсаткичлари ва тупроқ структурасини инобатга олган ҳолда икки босқичли суғориш режаси ишлаб чиқилган.

Компания вакилларининг таъкидлашича, лойиҳа ишга тушгач, ҳосилдорлик 30–40 фоизга ошади, сув сарфи 20–35 фоизга тежалади, энергия сарфи 30–60 фоизга камаяди, минерал ўғитлар сарфи 25–30 фоизга қисқаради. Шунингдек, тупроқ унумдорлиги яхшиланади. Қўл меҳнати (суғориш ишчилари эҳтиёжи) 90 фоизгача камаяди. Лойиҳа нотекис рельефда ҳам сувнинг бир текис тақсимланишини таъминлайди. Рақамли бошқарув тизими экинларни мониторинг қилиш имконини беради.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.