Мамлакатимиз нефть ва газ соҳасида рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ва бошқарув жараёнларини модернизация қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва АҚШнинг “Honeywell” компанияси масъуллари ўртасида ўтказилган учрашувда ҳам бу масалаларга кенг урғу берилди.
Музокаралар давомида томонлар “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Honeywell” компаниялари орасидаги кўп йиллик самарали ҳамкорликни алоҳида таъкидлади. Шунингдек, ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари, жумладан, рақамли трансформация лойиҳалари, бошқарув тизимлари ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларини модернизация қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар нефть-газ соҳасида рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этишга қаратилган ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини қайд этди.
Жамият ахборот хизматига кўра, учрашув лойиҳаларни амалга ошириш, техник таклифларни тайёрлаш ва ҳамкорлик форматини белгилаш бўйича ҳам самарали бўлди.
Учрашув якунида эса муҳокама қилинган ташаббусларни батафсил ишлаб чиқиш мақсадида қўшма ишчи гуруҳ тузиш бўйича келишувга эришилди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА