Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилиб, стратегик шериклик руҳида жадал ривожланиб бормоқда. Икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик нафақат сиёсий мулоқот, балки иқтисодиёт, инвестиция, таълим, илм-фан, туризм, қишлоқ хўжалиги ва инновациялар соҳаларида ҳам изчил ва тизимли равишда мустаҳкамланмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг тегишли топшириғи асосида Бухоро вилояти мутасаддиларидан иборат делегация ўтган йил ноябрь ойида икки маротаба АҚШга амалий ташриф билан бориб, океан ортидаги йирик компаниялар, сармоядорлар ва ишбилармон доира вакиллари билан кенг қамровли ва истиқболли ҳамкорлик келишувларига эришди.
Хусусан, АҚШнинг Мемфис шаҳри ҳамда Сан-Франциско шаҳрида ўтказилган музокаралар натижасида Бухоро шаҳрида қиймати 30 миллион АҚШ долларилик замонавий кўп тармоқли тиббиёт марказини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, мамлакатнинг етакчи текстил компаниялари билан 2026-2027 йиллар давомида 60 миллион АҚШ долларилик тайёр тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича шартномалар имзоланди.
Ёшлар сиёсати ва инновацион ривожланиш йўналишида ҳам муҳим келишувларга эришилди. Жумладан, Бухоро шаҳрида ёшлар учун стартап инкубация ва акселерация дастурларини ташкил этиш мақсадида Америка сармоядорлари томонидан 20 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш режалаштирилди.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида эса ирригация тармоқларини модернизация қилиш, сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш, замонавий ускуналар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича амалий музокаралар олиб борилди. Бу лойиҳалар қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириш ва ресурслардан оқилона фойдаланишга хизмат қилади.

Энг муҳим натижалардан бири Америка миллий пахта кенгаши билан ҳамкорликда Бухоро вилоятида пахтачилик соҳасида стратегик ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича эришилган келишувлар бўлди.
–Пахтанинг энг сара навлари АҚШда яратилгани ва бутун дунёга тарқалаётганини билардик, –дейди Пахта-тўқимачилик кластери раҳбари Иброҳим Ҳамроев. –Аммо бевосита бориб, уларнинг пахтачилик соҳасидаги ислоҳотларини ўрганиш, маҳсулотларимизни жаҳон брендларига етказиб бериш имкониятларини кўриб чиқиш хаёлимизга ҳам келмаган эди. Президентимиз топшириғига асосан АҚШ билан пахтачилик соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйдик. Ҳозир АҚШ пахтачилик ассосиацияси билан 3 минг тонна америка пахтасини сотиб олиш бўйича музокаралар олиб боряпмиз. Бу, биринчи навбатда, Америка бозорига кириш имкониятларини кенгайтиради. Чунки маҳсулот таркибида Америка пахта толаси бўлса, АҚШ бозорида катта имтиёзлар тақдим этилади. Шунингдек, АҚШда ўз омборларимизни очиш, тайёр маҳсулотларни тўғридан-тўғри жаҳон брендларига етказиб бериш тизимини яратиш режалаштирилган.
Маълумотларга кўра, эндиликда Бухоро вилоятидаги пахта-тўқимачилик кластерлари лойиҳаларини молиялаштиришда америкалик ҳамкорлар бевосита иштирок этади. Пахта етиштириш, қайта ишлаш, логистика, савдо ва экспорт йўналишларида янги лойиҳалар амалга оширилади. Халқаро бозорларда рақобатбардошликни таъминлаш мақсадида қўшма стратегиялар ишлаб чиқилади.
2026-2028 йиллар давомида АҚШ компаниялари билан ҳамкорликда 100 минг гектаргача чўл ерларини ўзлаштириш, 250 миллион АҚШ долларлик сув тежовчи технологияларни жорий этиш, аграр соҳада юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш ҳам устувор вазифалардан ҳисобланади.

–Сўнгги йилларда Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари стратегик шериклик асосида жадал ривожланмоқда, –дейди Бухоро давлат техника университети проректори Аслиддин Низомов. –Айниқса, олий таълим, илм-фан ва инновациялар соҳасида ҳамкорлик мазмунан янги босқичга кўтарилди. 2025 йил ноябрь ойидаги АҚШга амалий ташриф доирасида Бухоро давлат техника университети ва Америка олий ўқув юртлари ўртасида томчилатиб суғориш технологиялари, аграр таълим ва қўшма илмий тадқиқотлар бўйича ҳамкорлик келишувлари имзоланди. Бу ҳамкорлик юқори малакали мутахассислар тайёрлашда катта аҳамият касб этади.
Туризм соҳасида ҳам ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. 2024 йилда АҚШдан Бухорога 15 минг нафар, 2025 йилда эса 20 минг нафардан ортиқ турист ташриф буюрган. Режаларга кўра, 2026 йилда туристлар оқими 3 бараварга оширилиб, 80 минг нафарга, 2027 йилда эса 100 минг нафарга етказилади. Бу орқали йилига 45 миллион АҚШ доллари миқдорида туризм хизмати экспорти амалга оширилиши кўзда тутилган.
Яна бир муҳим ташаббус Чикаго шаҳридаги махсус логистика полигонида Бухорода ишлаб чиқарилаётган экспортбоп маҳсулотларни жойлаштириш ҳамда уларни Американинг йирик савдо марказлари, шунингдек, Amazon ва Walmart каби онлайн маркетплейслар орқали сотиш режалаштирилган.
Умуман олганда, ушбу стратегик ҳамкорлик доирасида Бухоро вилоятида 1 миллиард 60 миллион АҚШ долларилик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, 65 миллион долларлик экспорт ва 5 миллион долларлик импорт операцияларини йўлга қўйиш режалаштирилган. Бу эса нафақат вилоят, балки бутун мамлакат иқтисодий тараққиёти учун янги имкониятлар эшигини очади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири