Геология ва кончилик соҳасида кадрлар салоҳиятини ошириш, халқаро тажрибани жорий этиш ҳамда мутахассисларнинг хорижий тилларни билиш даражасини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айниқса, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилаётган таълим дастурлари соҳадаги мутахассислар учун янги имкониятлар яратмоқда.

Шу каби ташаббуслар доирасида Геология фанлари университетида “World Learning” ташкилоти билан ҳамкорликда кончилик соҳаси мутахассислари учун тадбир ташкил этилди.
Мулоқот давомида 15 февралдан 2 майгача тоғ-кон, металлургия ва геология соҳаси мутахассислари учун мўлжалланган онлайн инглиз тили курсининг (MOOC) мазмуни, ўқитиш формати ҳамда келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилди.

Дастурнинг асосий мақсади Ўзбекистон бўйлаб 500 нафаргача кон саноати мутахассислари, олимлар ва кончилик йўналишида таҳсил олаётган талабаларга сифатли инглиз тили таълимини тақдим этишдан иборат.
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ахборот хизмати қайд этганидек, мазкур ўқув курслари соҳада фаолият юритаётган мутахассисларнинг халқаро илмий манбалар билан ишлаш, хорижий ҳамкорлар билан мулоқот қилиш ва замонавий технологиялар бўйича билимларини янада бойитишга хизмат қилади.
Тадбир якунида ушбу ҳамкорлик кончилик соҳасида кадрлар салоҳиятини ошириш, талабалар ва мутахассисларнинг билим даражасини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА