Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон-АҚШ: электротехника саноати учун янги ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилмоқда
16:15 / 2025-09-19

Шу кунларда “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раиси Мирзиёд Юнусов хизмат сафари билан АҚШда бўлиб турибди.

Сафар доирасида томонлар ўртасида қатор учрашувлар ўтказилмоқда. Хусусан, Техас штатининг Даллас шаҳрида ташкил этилган мулоқот улардан биридир.

“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раиси Мирзиёд Юнусов ва “Flowserve Corporation” компанияси вице-президенти Картик Сивараман ҳамда компания раҳбарлари ўртасида ўтказилган учрашувда ҳамкорлик истиқболлари хусусида сўз юритилди.

Таъкидланишича, Ўзбекистон саноат соҳасида халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва янги инновацион ечимларни жорий этиш йўлида муҳим қадамларни ташламоқда. Бу борада АҚШнинг етакчи компаниялари билан олиб борилаётган музокаралар мамлакатимизда саноатнинг рақобатбардошлигини ошириш, замонавий технологияларни жорий қилиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кенгайтирмоқда. 

Музокаралар чоғида томонлар ўз йўналашидаги ютуқлар ва келгуси режаларга алоҳида тўхталиб ўтди. Бу жараёнда ҳамкорлик имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.

Учрашувда қайд этилганидек, “Flowserve Corporation” саноат гигантларидан бири ҳисобланади. Компаниянинг асосий фаолиятига насослар, клапанлар, механик пломбалар ишлаб чиқариш, шунингдек саноат жараёнлари учун рақамли бошқарув ечимларини таклиф этиш киради. Унинг маҳсулот ва хизматлари нефть-газ, кимё, энергетика, сув хўжалиги ва бошқа йирик тармоқларда қўлланилади. 

Бугунги кунда компания дунёнинг 200 га яқин мамлакатида фаолият юритмоқда. 2024 йилдаги даромади 4,6 миллиард долларга етган. Ходимлар сони тахминан 16 минг нафарни ташкил этади. Шунингдек, компаниянинг 50 дан ортиқ ишлаб чиқариш ва сервис марказлари дунё бўйлаб самарали иш юритмоқда. 

Уюшма ахборот хизматига кўра, ушбу музокараларда Ўзбекистон саноатига халқаро брендларни кенг жалб этиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Бу каби чора-тадбирлар эса мамлакатимиз электротехника саноати равнақига кенг йўл очади.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА