Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – АҚШ бизнес-форумида ўндан ортиқ ҳужжат имзоланди (+видео)
13:42 / 2023-09-17

17 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессияси тадбирларида иштирок этиш учун Нью-Йорк шаҳрига келди.

Давлатимиз раҳбарининг Америка Қўшма Штатларига ташрифи арафасида Вашингтонда Ўзбекистон – Америка бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари, саноат бирлашмалари, тижорат банклари, инвестиция тузилмалари раҳбарлари, шунингдек, АҚШнинг АКТ, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, транспорт, банк иши ва бошқа соҳаларда фаолият юритувчи йирик корпорациялари раҳбарлари иштирок этди.

Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев, инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов, АҚШ –Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм, АҚШ ЭКСИМбанки президенти Рета Жо Льюис ва Давлат котиби ёрдамчиси ўринбосари Дас Марк Поммершайм сўзга чиқди. 

Мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқалар жадал суръатлар билан ривожланиб бораётгани, бунда икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси, ҳукуматлар ва ишбилармон доираларнинг доимий ҳамкорлиги муҳим омил бўлиб хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилди.

Ўзбекистон томони иқтисодиёт, савдо, саноатни ривожлантириш ва сармоявий муҳитни яхшилаш бўйича эришилган муҳим ютуқларни тақдим этди. Хусусан, эркин бозор ва соғлом рақобат механизмлари яратилгани, тадбиркорликни фаол қўллаб-қувватлаш, инфратузилмани ривожлантириш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, иқтисодиётда давлат иштирокининг қисқариши ва кенг кўламли хусусийлаштириш жараёнлари бошлангани таъкидланди.

Амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли Ўзбекистон сармоя киритиш бўйича Америка ишбилармон доиралари учун жозибадор манзилга айланди. Бугунги кунда Ўзбекистонда АҚШнинг 300 та компанияси фаолият юритмоқда. Бу 2017 йилдаги кўрсаткичдан икки баробар кўп. Автомобиль ишлаб чиқариш – General Motors, қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқариш – John Deer, CNH, газ қазиб олиш – Air Products, қишлоқ хўжалиги – Silverleafe ва бошқа соҳаларда муваффақиятли одимлар кузатилмоқда.

Шу билан бирга, тоғ-кон саноати, кимё ва энергетика тармоқлари, тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, электроника, ахборот технологиялари сингари қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг энг истиқболли йўналишлари белгиланди. Юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва учинчи давлатларга экспорт қилиш бўйича қўшма корхоналар ташкил этишда катта имкониятлар мавжуд.

Икки давлат ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштириш муҳимлиги, барча қўшма лойиҳа ва ташаббуслар давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши қайд этилди.

Тадбир давомида глобал рақобат, таъминот занжири барқарорлигини таъминлаш, ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш, инновацияларни рағбатлантириш, стратегик прогнозлаш, хусусийлаштириш ва молиявий-техник ҳамкорлик масалалари бўйича алоҳида сессиялар ўтказилди.

Бизнес-форум иши Ўзбекистон ва АҚШ вазирликлари, идоралари, тармоқ бирлашмалари ва етакчи компаниялари раҳбарларининг «G2B» ва «В2В» форматидаги учрашувлари билан давом этди. Иштирокчилар қўшма корхоналар ташкил этиш ва ўзаро манфаатли савдо шартномаларини тузиш масалаларини атрофлича муҳокама қилишга муваффақ бўлди.

Тадбир якунида энергетика, машинасозлик, АКТ, қишлоқ хўжалиги, молиявий-техник ва илмий-техник ҳамкорлик, тиббиёт ва фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш каби соҳаларда 12 та ҳужжат имзоланди.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/7UYTl5PTihs" title="Ўзбекистон – АҚШ бизнес-форумида ўндан ортиқ ҳужжат имзоланди" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

ЎзА