Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон аккредитация тизими: кўрсатиладиган хизматлар кўлами кенгайди (+видео)
17:25 / 2025-12-23

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида “Ўзбекистон аккредитация маркази” ДМ томонидан матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуманда 2025 йил давомида мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилиш соҳасида амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар юзасидан атрофлича маълумот берилди.

Таъкидланишича, 2025 йил январь-декабрь ойлари давомида жами 79 та мувофиқликни баҳолаш органи ва метрология хизмати аккредитациядан ўтказилди. Натижада Миллий аккредитация тизимида аккредитациядан ўтган ташкилотлар сони 602 тага етди.

Халқаро стандартларга мувофиқ фаолият юритилишининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида ҳисобот даврида 456 та аккредитациядан ўтган субъектда даврий баҳолашлар амалга оширилди. Шу билан бирга, аккредитация натижавийлигини оширишга қаратилган янги баҳолаш механизмлари жорий этилди. Хусусан, гувоҳлик баҳолаш, шунингдек, огоҳлантиришсиз ташриф ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди.

– Марказ томонидан кўрсатиладиган хизматлар кўлами ҳам кенгайтирилиб, халқаро даражада эътироф этилган стандартлар асосида янги 4 та йўналишда аккредитация қилиш амалиёти жорий этилди, – дейди “Ўзбекистон аккредитация маркази” ДМ директори ўринбосари  Ш.Юлдашова. – Республикада илк бор стандарт намуна ишлаб чиқарувчилар, малака текшириш провайдерлари, тиббий-ташхис лабораториялари ҳамда инспекция фаолияти билан шуғулланувчи ташкилотлар ISO ва IEC халқаро мезонлари асосида баҳоланди. Ушбу йўналишларда 3 та малака текшириш провайдери, 14 та инспекция органи, 3 та тиббий лаборатория ва 2 та стандарт намуна ишлаб чиқарувчи аккредитациядан ўтказилди.

Йил якунларига бағишланган таҳлилда қатор муҳим натижаларга алоҳида урғу берилди. Жумладан, Халқаро аккредитация форуми (IAF)нинг кўп томонлама тан олиш келишуви (IAF MLA) доирасида 2025 йил январь ойидан бошлаб ISO 13485 ва ISO/IEC 27001 стандартлари бўйича аккредитация хизматлари халқаро миқёсда эътироф этилди. Натижада халқаро тан олинган аккредитация соҳалари сони 10 тага етказилди.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида 2025 йил июль ойидан аккредитация талаблари соддалаштирилди. Камчиликларни бартараф этиш муддати тўрт ойгача узайтирилди ҳамда лабораториялар ёки метрология хизматлари жойи ўзгарган тақдирда такрорий аккредитация ўрнига соддалаштирилган баҳолаш тартиби жорий этилди.

Халқаро ҳамкорликни ривожлантириш доирасида Ўзбекистон аккредитация маркази Хитой (CNAS), Беларусь (БГЦА) ва Эрон (NACI) миллий аккредитация идоралари билан Англашув меморандумлари имзолади. Бундан ташқари, 2025 йил ноябрь ойидан Марказнинг Global Accreditation Cooperation (GLOBAC) ташкилотига тўлақонли аъзолиги тасдиқланди.

Шу билан бирга, Global Quality Infrastructure Index (GQII) 2025 йилги натижаларига кўра, Ўзбекистон Миллий аккредитация тизими 185 та давлат орасида 29-ўринни эгаллади. Бу мамлакат сифат инфратузилмасига бўлган халқаро ишонч ошганини, чет эл сармоядорлари учун жозибадорлик кучайганини ҳамда аккредитация жараёнларининг шаффоф, барқарор ва самарали эканини намоён этмоқда.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/K2V26fvsB8o" title="O‘zbekiston akkreditatsiya tizimi: ko‘rsatiladigan xizmatlar ko‘lami kengaydi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Ш.Маматуропова, ЎзА