Жорий йилда мамлакатимизда аҳоли пунктларида ичимлик суви таъминоти ва оқова сув чиқариш тизимларини ривожлантириш мақсадида 791 та ичимлик ва оқова сув объектларида қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун давлат бюджетидан 2 тиллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилиши кўзда тутилган эди.
Бундан ташқари, халқаро молия институтлари томонидан 245,2 миллион доллар миқдоридаги маблағлар ажратилиши режалаштирилган. Мазкур маблағлар доирасида 6,5 минг км ичимлик ва оқова сув тармоқлари, 763 та ичимлик ва оқова сув иншоотларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишларини амалга ошириш белгиланган.
“Ўзсувтаъминот” АЖ берган маълумотга кўра, жорий йилнинг I ярим йиллик якуни бўйича республика бюджетидан 854,8 миллиард сўм ва халқаро молия институтларининг 98,9 миллион доллар миқдоридаги маблағлари молиялаштирилиб, тегишли равишда 930,8 миллиард сўм ва 108,3 миллион доллар маблағ ўзлаштирилиши таъминланди.
Бугунги кунда Давлат бюджети ҳисобидан жами 1 779,9 км ичимлик ва 74,8 км оқова сув тармоқлари, 121 та иншоот қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишлари амалга оширилган. Шу билан бирга 69 та объектда қурилиш-монтаж ишлари якунланди.
Халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан эса жами 119,2 км ичимлик ва 33,9 км оқова сув тармоқлари қуриш ҳамда реконструкция ишлари амалга оширилди. Қолаверса, 4 та сув тақсимлаш иншооти қурилди ва 5 та сув тақсимлаш иншооти реконструкция қилинди.
– Бунинг натижасида, аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 71,2 фоизга, оқова сув хизмати 17,5 фоизга етказилди. 521 мингдан ортиқ аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланди, – дейди “Ўзсувтаъминот” АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Хуршид Раҳматуллаев. – Жорий йилда “Ўзсувтаъминот” АЖ томонидан халқаро молия институтлари иштирокида 20 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳалар Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, Ислом тараққиёт банки ҳамда Саудия тараққиёт ва ОПЕК жамғармаларининг 1 миллиард 861 миллион доллар қарз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши кўзда тутилган.
Мазкур лойиҳалар доирасида январь-июнь ойларида жами 119км ичимлик сув қувурлари ҳамда 34км оқова сув қувурлари ётқизилди. Қолаверса, 4 та сув тақсимлаш иншооти қурилди ва 5 таси реконструкция қилинди. Акциядорлик жамиятининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида ҳудудий сув таъминоти корхоналари учун 88 та махсус техникалар харид қилинди.
Жорий йилда соҳага оид иккита янги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат, яъни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолининг ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматлари билан таъминланганлик даражасини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-257-сон қарори ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 июлдаги “2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2023-2026 йилларда илмий ташкилотлар томонидан амалга ошириладиган “драйвер” инновацион лойиҳалар рўйхати тасдиқланди. Мазкур ҳужжатга кўра, “Ўзсувтаъминот” АЖ зиммасига 15 та лойиҳани амалга ошириш юклатилган.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, соҳани трансформация қилиш доирасида Сифат менежменти (ISO 9001) ва Коррупцияга қарши курашиш (ISO 37001) бўйича халқаро сертификатлар олинди. Янги биллинг ишга туширилди. Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини жорий этиш бўйича ишлар бошланди. Сув сизиб чиқиш нуқталарини тезкорлик билан аниқлаш ва сув йўқотишларини камайтириш мақсадида жойлардаги бир қатор сув таъминоти объектларида SCADA ахборот йиғиш ва диспетчерлик назорат тизими, геоахборот тизими жорий қилинди.
Бундан ташқари, соҳани модернизация қилиш доирасида қуёш энергияси, қувурларнинг ичини торкетлаш орқали эскирган тармоқларни реконструкция қилиш, частотали ўзгартирувчилар ўрнатилган энергия тежамкор насослар, сув тозалаш иншоотларида цеолитдан тайёрланган фильтрлаш материалларини, сувни юпқа қатламли тиндириш технологиялари қўлланилмоқда.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА мухбири