Марказий банкнинг ноябрь ойидаги сўровномасида қайд этилишича, ноябрь ойида Ўзбекистон аҳолиси ва бизнесининг кейинги 12 ойлик инфляцион кутилмалари яна ўсишни бошлади.
Ўтган ой охирида аҳоли ўртасида нарх кутилмалари 13,7 фоизга октябрга нисбатан +0,9 фоиз пункти ўсди. Тадбиркорлар ўртасида — 12,7 фоизга (+0,7 фоиз пункти). Бу газ ва электр энергиясига тарифлар оширилган май ойидан бери энг юқори кўрсаткич (ўшанда аҳоли кутилмалари 14 фоиз, корхоналарники эса 12,7 фоиз эди).
Агар октябрь ойида аҳоли инфляцияни 11,6 фоизда прогноз қилган бўлса, ноябрда ўртача 17,7 фоизгача кўтарилди. Пойтахтлик респондентларнинг деярли ярми келгуси 12 ой ичида инфляция 17 фоиз ёки ундан юқори бўлишини прогноз қилмоқда.
Тошкент шаҳрида тадбиркорларнинг кутилмалари ҳам 12,6 фоиздан 14,6 фоизга ошди. Аҳоли ўртасида нархларнинг юқори ўсиши ҳам Тошкент вилоятида — 14,8 фоиз (ўзгаришсиз) ва Сирдарё вилоятида — 14,8 фоиз (+1,1 ф.п.) кутилмоқда. Тадбиркорлик субъектлари ўртасида эса Навоий вилоятида (14,7 фоиз, +0,2 ф.п.).
Ноябрь ойида аҳоли ўртасида ўтказилган сўровларда нархларнинг ошишига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган асосий омил сифатида аввалгидек валюта курсининг ўзгариши кўрсатилди — респондентларнинг 51 фоизи ушбу вариантни танлаган (октябрда ҳам 51 фоиз). Эслатиб ўтамиз, ноябрь охирида доллар деярли 91 сўмга (+0,71 фоиз) мустаҳкамланди. Умуман олганда, йил бошидан буён миллий валюта ўтган йилнинг шу давридаги 9,5 фоизга нисбатан атиги 4,3 фоизга девальвацияга учради.
Коммунал хизматлар нархларининг ошиши иккинчи ўринга кўтарилди — респондентларнинг 51 фоизи шундай фикрда (47 фоиздан). Ёқилғи-энергетика ресурслари (электр энергияси, газ) нархининг ошиши учинчи ўринни эгаллади. Октябрь ойида сўровда қатнашганларнинг 46 фоизи (47 фоизи) бу омил кейинги 12 ой ичида нархларнинг ошишига таъсир қилишини айтди.
Кейинги ўринларда монополиялар ва нархлар — 31 фоиз, транспорт харажатлари — 30 фоиз, иш ҳақи ва пенсияларнинг сунъий оширилиши — 28 фоиз қайд этилган. Тадбиркорлик субъектлари учун ҳам нархлар ошишининг асосий омили валюта курсининг эҳтимолий ўзгариши бўлиб қолмоқда — респондентларнинг 51 фоизи (50 фоиз эди), коммунал хизматлар — 49 фоиз (42 фоиз), шунингдек, ёқилғи-энергетика ресурслари — 48 фоиз (42 фоиз) .
Бошқа омилларга транспорт харажатларининг ошиши — 32 фоиз, иш ҳақи ва пенсияларнинг ўсиши — 29 фоиз, солиқ юкининг юқори даражаси — 25 фоиз, хомашё нархларининг ошиши киради — 25 фоизни ташкил этади.
Энг юқори даромадга эга (15 миллион сўмдан юқори) аҳоли гуруҳлари ўртасида инфляцион кутилмалар 13,9 фоиздан 17,3 фоизга (+3,4 фоиз) ўсди. Инфляциянинг юқори даражаси 10−15 миллион сўм даромадга эга респондентлар томонидан кутилмоқда.
Даромадлари 2 миллион сўмгача бўлган шахслар кейинги 12 ойда инфляцияни 13,1 фоиз (12,1 фоизни ташкил этди), даромади бўлмаганлар эса 12,1 фоиз (12,3 фоиз) даражасида прогноз қилмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА