Тошкентда “Ўзбекистон - Афғонистон” бизнес форуми ўз ишини бошлади.
Экспортчилар ва Бизнесни ривожлантириш уюшмалари ташаббуси билан, Туризмни ривожлантириш ассоциацияси кўмагида ташкил этилган анжуманда икки мамлакатнинг савдо, туризм, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, кончилик ҳамда транспорт ва авиация каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания раҳбарлари иштирок этмоқда.
Эътиборга молик жиҳати, Афғонистон палаталар федерацияси, Савдо-саноат палатаси, Тадбиркорлар ва инвесторлар федерацияси ҳамда Қобулдаги “Жаҳон” савдо маркази филиалининг яқиндан кўрсатган ёрдами билан тадбирга ҳамкор давлатнинг “Топ-100”га кирувчи йирик инвесторлари, тадбиркорлари жалб этилган.
Форум доирасида меҳмонларга Ўзбекистонда бизнес юритиш учун яратилаётган имконият ва қулайликлар, мамлакатимиздаги эркин иқтисодий зоналар, солиқ ва божхона имтиёзлари ҳақида сўзлаб берилди.
Афғонистон Ислом Республикасининг Қишлоқ хўжалиги, Cаноат ва Кончилик ҳамда Транспорт ва Авиация вазирлари ўз йўналишлари бўйича мамлакатимиздаги ҳамкасблари билан учрашди.
Куннинг иккинчи ярмида ташкил этиладиган икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган “B2B” шаклидаги музокара доирасида бир қатор ўзаро манфаатли келишувларга эришилиши кўзда тутилган.
Анжуман доирасидаги кўргазмада 100дан ортиқ маҳаллий ишбилармон электроэнергетика, нефтни қайта ишлаш, фармацевтика, туризм-меҳмонхона, логистика, қурилиш, саноат ва қишлоқ хўжалиги йўналишлари бўйича ўз маҳсулотларини ҳамкор давлат ишбилармонларига намойиш этмоқда. Тадбиркорларда шу жойнинг ўзида келишув бўйича шартнома имзолаш имкони бор. Ҳар бир иштирокчига маҳсулот тақдимоти учун 5 дақиқа вақт ажратилади.
Юртимизнинг энг фаол тадбиркорлари ва талабгор давлат импортёрларини бир иқтисодий майдонда жамловчи мазкур тадбир Ўзбекистон экспорт салоҳиятини бир неча баробар ошириши кутилмоқда. Шу билан бирга, Афғонистон тадбиркорлари делегацияси орасидаги йирик инвесторлар Ўзбекистонда меҳмонхона, ресторан ва туризм йўналишларига сармоя киритиш истагини билдиришган.
Бизнес форуми дастурига мувофиқ, иқтисодий зоналарга бизнес-тур ва пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойлари бўйлаб саёҳат уюштирилади.
Анжуман 22 февралгача давом этади.
Шаҳноза МАМАТУРОПОВА, ЎзА