Ўзбекистон Адлия вазири Акбар Тошқулов Бирлашган Араб Амирликлари (БАА)га хизмат сафари давомида БАА Вазирлар Маҳкамаси ижрочи директори Салим Ал Шоами билан учрашди.
Томонлар ҳар икки давлатдаги давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида эришилган ютуқларни муҳокама қилди.
Амирликларда 2017 йилда сунъий интеллект стратегияси қабул қилинган. Дунёда биринчилардан бўлиб давлат хизматлари ва маълумотларни таҳлил қилишда тўлиқ сунъий интеллектни жорий қилиш мақсад қилинган.
Ҳар бир давлат хизматида “сирли мизож” тадбири йўлга қўйилган. Бунда, махсус илова асосида хизмат кўрсатилгандан кейин мижозларга эслатма юборилиб, берилган хизматларга баҳо бериши сўралади ва олинган маълумот таҳлил қилинади.
Бундан ташқари, давлат хизматлари марказларида мижозларинг кайфияти, қанча вақт сарфлангани, қайси хизматлардан кўпроқ ва қаерда фойдаланаётганига оид маълумотлар сунъий интеллект томонидан таҳлил қилинади ва статистик маълумот тайёрланади.

Ўз навбатида, А.Тошқулов Ўзбекистонда ушбу соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, жумладан, давлат хизматларини кўрсатишни соддалаштириш ва ихчамлаштириш, Е-Imzo ва Face-ID тизимларини жорий қилиш, онлайн нотариал ҳаракатлар сонини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Салим Ал Шоами Ўзбекистон Адлия вазирлиги билан, жумладан, онлайн хизматлар сифатини оширишда қўлланиладиган услублар юзасидан тажриба алмашиш, яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.
А.Тошқулов юқорида қайд этилган таклифларни қўллаб-қувватлаб, ушбу йўналишларда амалий ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилди.
Учрашув якунида томонлар давлат хизматлари соҳасида ўзаро тажриба алмашиш ҳамда малака ошириш тадбирларини йўлга қўйишга келишиб олди.
Н.Абдураимова,
ЎзА