Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Намоз Толипов иштирокида брифинг ташкил этилди.
Қайд этилишича, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми – 20 триллион сўм, экспорт ҳажми – 800 миллион доллардан ошди. Ҳудудларда 87 та лойиҳа ишга туширилди. Бунинг натижасида 2 минг 619 та янги иш ўринлари ташкил этилди. Бундан ташқари, маҳсулотларнинг экспорт географияси ҳам кенгайди.
“GSP+” имтиёзларидан фойдаланган ҳолда Европа, Марказий Осиё, Яқин Шарқ ва Африка мамлакатларига, умумий қилиб айтганда 60 дан ортиқ давлатга электротехника маҳсулотлари экспорт қилинди. Аввал экспорт фаолияти билан шуғулланмаган Фарғона, Самарқанд, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларидаги 15 та корхона илк маротаба ўз маҳсулотларини экспортга олиб чиқди.
Айни пайтда “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси томонидан 2 та йирик кластер, жумладан, Тошкент вилояти Оҳангарон туманида “Мис саноати кластери” ҳамда Қашқадарё вилоятидаги “Чироқчи” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида қайта тикланувчи энергия манбалари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Solar cluster” лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Шунингдек, бугунги кунда уюшма ҳузурида Лойиҳалаш ва инжиниринг хизматини ташкил этиш маркази ҳам ташкил қилинган. Давлатимиз томонидан соҳа корхоналарининг қўллаб-қувватланиши ва уларга қонунчиликдаги ҳуқуқий кафолатларнинг берилиши тармоқни иқтисодий жиҳатдан янги босқичга олиб чиқди, дейиш мумкин. Бу ҳам маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун, ҳамда хорижий инвесторлар учун ўзаро манфаатли ҳисобланади.
2023 йилда ишлаб чиқариш ҳажмини 22 триллион сўмга, экспорт ҳажмини эса 1 миллиард долларга етказиш кўзда тутилмоқда. Инвестиция дастури доирасида 191,5 миллион долларлик инвестициялар, шундан 58 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ҳисобига ўзлаштирилади.
Маҳаллийлаштириш дастурига кирган 47 та лойиҳа доирасида 5,5 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, 503,7 миллион долларлик импорт оптимизация қилинади. Ушбу лойиҳаларни ўзлаштириш ҳисобига 35 та янги турдаги импорт ўрнини босувчи тайёр маҳсулотлар ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади.
Мис хомашёсини қайта ишлаш ҳажмини 90 минг тоннага етказиш кўзда тутилган.
Ш.Маматуропова, ЎзА