Иқтисодий тараққиёт аҳоли фаровонлигини юксалтиришнинг асосий омили бўлиб, уни модернизация қилиш “Ўзбекистон - 2030” стратегиясида белгиланган асосий вазифалардан бири ҳисобланади.
Шу кунларда стратегиянинг янгиланган лойиҳаси муҳокамаси жараёнида иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва рақобатбардош миллий иқтисодий тизимни шакллантириш масалаларига эътибор қаратилмоқда.
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитасининг мажлисида шу ҳақда сўз борди.
Қўмита раиси Эркин Гадоев инвестиция муҳитини яхшилаш, маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, хусусий сектор улушини ошириш муҳим йўналиш эканини таъкидлади.

Кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилиши, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Жумладан, иқтисодиётнинг энг тез ривожланаётган тармоқларида амалий тадқиқотларни кучайтириш мақсадида “корхона – олий таълим муассасаси – илмий ташкилот” кластер тизими жорий этилиб, 2030 йилга қадар давлат бюджети ҳисобидан амалга ошириладиган тадқиқотларни 1,6 мингга етказиш ҳамда иқтисодиётнинг “драйвер” тармоқларида 850 турдаги инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқариш назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, меҳнатга лаёқатли аҳолининг, шу жумладан, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш орқали ишсизлик даражасини 4 фоизгача тушириб, 2030 йилга қадар иқтисодиёт ҳажмини 2 баравар ошириш ва “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига кириш мақсад қилинмоқда.

Фискал барқарорликни таъминлаш ва давлат мажбуриятларини самарали бошқариш мақсадида ЯИМга нисбатан кузатилмайдиган иқтисодиёт улушини 23 фоизгача қисқартириш ҳамда консолидациялашган бюджет тақчиллиги 3 фоиздан юқори бўлмаган миқдорда бўлишини таъминлаш режалаштирилмоқда.
Стратегия ижросини таъминлашда очиқлик, шаффофлик ва жамоатчилик иштирокининг зарурлиги қайд этилди. Амалга оширилиши белгиланган иқтисодий ислоҳотларнинг мақсади аҳоли даромадларини кўпайтириш, камбағаллик даражасини қисқартириш ва ҳудудларни комплекс ривожлантиришдан иборат.
Тадбирда стратегия бўйича фикрлар билдирилиб, мамлакатимизни рақобатбардош давлат сифатида ривожлантиришга қаратилган барча чоралар кўрилиши қайд этилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА