Муносабат
Маълумки, 2023 йилда мамлакат тараққиётининг ўрта муддатли устувор йўналишларини аниқ белгилаб берган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси қабул қилинган эди.

Ушбу стратегияда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, замонавий таълим ва тиббиёт тизимини шакллантириш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, экологик барқарорликка эришиш, халқ хизматидаги адолатли ва самарали давлатни барпо этиш ҳамда миллий суверенитет ва хавфсизликни мустаҳкамлаш давлат ва жамиятни модернизация қилишнинг асосий устувор йўналишлари сифатида белгиланди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида амалга оширилган ислоҳотлар қисқа вақт ичида сезиларли ижтимоий-иқтисодий натижаларни берди. Хусусан, камбағаллик даражасининг 11 фоиздан 5,8 фоизгача пасайиши, ялпи ички маҳсулот ҳажмининг 107,5 миллиард доллардан 145 миллиард долларгача ўсиши, экспорт ҳажмининг 24,9 миллиард доллардан 33,4 миллиард долларга ошиши, хорижий инвестициялар ҳажмининг 17,1 миллиард доллардан 43,1 миллиард долларгача кўпайиши мамлакат иқтисодий салоҳияти мустаҳкамланиб бораётганини яққол кўрсатади.
Шунингдек, ишсизлик даражасининг 6,8 фоиздан 4,9 фоизга тушиши, хорижий туристлар сонининг 6,6 миллион нафардан 9,7 миллион нафарга етиши, Ўзбекистоннинг Глобал инновацион индексдаги ўрни яхшиланиши, дипломатик муносабатлар ўрнатган давлатлар сони 20 тага ортиб 164 тага етиши мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётганидан далолат беради.
Бироқ ўтган вақт давомида эришилган натижа ва тажрибадан келиб чиқиб қаралса стратегияни амалга ошириш жараёнида муайян муаммолар ва камчиликлар ҳам мавжуд эканлиги кўзга ташланади. Хусусан, амалдаги 444 та самарадорлик кўрсаткичининг 130 таси топшириқ ва вазифа сифатида белгиланганлиги, 31 таси натижа билан боғлиқ бўлмаганлиги ҳамда 23 тасида натижага эришилганлиги сабабли янги самарадорлик кўрсаткичларини белгилаш зарурати пайдо бўлди. Яъни, стратегик режалаштиришни замон талабларига мос равишда такомиллаштириш зарур.
Қолаверса, бугунги кунда жаҳонда кечаётган глобал ўзгаришлар, халқаро бозорлардаги беқарорлик, технологиялар ва саноатнинг жадал ривожланиши, энергия бозорларидаги трансформация ҳамда глобал таъминот занжирларининг қайта шаклланиши Ўзбекистон олдига мутлақо янги вазифаларни қўймоқда. Бу шароитда қўшилган қиймат занжирларига чуқурроқ кириш, “яшил” иқтисодиётга ўтиш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик барқарорликни таъминлаш стратегик аҳамият касб этмоқда.
Шу билан бирга, аҳоли сонининг тез суръатларда ўсиши ҳам янги ёндашувларни талаб қилмоқда. Агар 2023 йилда доимий аҳоли сони 36,7 миллион нафарни ташкил этган бўлса, 2030 йилга келиб ушбу кўрсаткич 41 миллион нафарга етиши прогноз қилинмоқда. Урбанизация жараёнлари, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва ҳаёт сифатини яхшилаш масалалари стратегик режалаштиришда устувор ўрин тутиши лозим.
Шунингдек, глобал рақобат тобора билим ва инновацияларга таянаётган бир пайтда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, сунъий интеллект, киберхавфсизлик, маълумотларни бошқариш каби соҳаларда тизимли ислоҳотларни амалга ошириш алоҳида аҳамиятга эга. Бу йўналишлардаги ютуқлар мамлакатимиз рақобатбардошлигини ошириш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулот ва хизматлар яратиш имкониятини кенгайтиради.
Шу нуқтаи назардан, “мақсад – ҳаракат – натижа” занжирига асосланган мутлақо янги стратегик режалаштириш тизимининг жорий этилиши “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини янги глобал тенденциялар ва чақириқлар асосида такомиллаштиришни талаб этмоқда. 2026–2030 йилларга мўлжалланган янги самарадорлик кўрсаткичларини белгилаш, уларни аниқ, ўлчовли ва натижага йўналтирилган ҳолда шакллантириш давлат бошқаруви самарадорлигини оширишга ҳам хизмат қилади.
Энг муҳими стратегияни ҳеч иккиланишсиз халқ ҳужжати дейиш мумкин. Сабаби, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясига ўзгартиришлар жамоатчилик муҳокамаси асосида киритилмоқда. Айни кунларда барча фуқаролар стратегия ҳамда стратегия доирасида ишлаб чиқлган 2026 йилги Давлат дастури муҳокамасида фаол иштирок этиб ўз маҳалласи, ўз ҳудуди ҳамда мамлакатимиз келажаги учун таклифларини билдиришлари мумкин.
Умуман олганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакат тараққиётини 2030 йилгача янги босқичга олиб чиқишга қаратилган Фармони лойиҳаси бугунги мураккаб глобал шароитда миллий тараққиётимизни таъминлашга хизмат қиладиган муҳим дастурий ҳужжат ҳисобланади.
Қонунчилик палатаси депутати сифатида ушбу ислоҳотларни қонунчилик жиҳатидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаётга тўлиқ татбиқ этилиши устидан самарали парламент назоратини амалга ошириш ҳамда халқ билан яқин мулоқотда ишлаш орқали белгиланган юксак мақсадларга эришишга ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим.
Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Экология ва атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси.
ЎзА