English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзбекистон –2030” стратегиясининг янги таҳрирдаги лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилади
15:58 / 2025-12-30

Мамлакатимизда кечаётган шиддатли янгиланиш жараёнлари халқимиз, оддий одамлар манфаатини кўзлаши, Ватанимизни янада ривожлантириши, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги обрўси ва нуфузини юксалтириши билан аҳамиятли.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида таъкидланган вазифага мувофиқ, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг қайта кўриб чиқилган лойиҳаси юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди.  

Ўзбекистoн Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ривoжланиш ва ислoҳoтлар агентлиги директoри Баҳoдир Раҳматoв, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрoчи директoри Элдoр Тулякoв, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бoбур Бекмурoдoв, Прoгнoзлаштириш ва макрoиқтисoдий тадқиқoтлар институти директoрининг биринчи ўринбoсари Замoн Хoлдoрoв мазкур ҳужжатнинг халқимиз,  Ватанимиз ҳаётидаги аҳамияти хусусида батафсил фикр билдирди.

Эътироф этилганидек, жорий йил 26 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини қайта кўриб чиқиш вазифасини таъкидлади.    

2023 йилда қабул қилинган бу дастурий ҳужжат барча соҳа ва тармоқларда улкан натижаларга замин бўлиб келмоқда. Камбағаллик даражаси 11 фоиздан 6,8 фоизга, ишсизлик 6,8 фоиздан 4,9 фоизга тушди. Ялпи ички маҳсулот ҳажми 103 миллиард доллардан 145 миллиард долларга етди. Экспорт ҳажми 25 миллиард доллардан 33,4 миллиард долларга, хорижий инвестициялар ҳажми 17 миллиард доллардан 43 миллиард долларга ошди. Хорижий туристлар сони 6,6 миллиондан 8,6 миллион нафарга, мактабгача таълим қамрови 72 фоиздан 78 фоизга, олий таълим қамрови 42 фоизга, Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган давлатлар сони 144 тадан 164 тага етди.    

[gallery-26957]

Шу билан бирга, сўнгги икки йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 650 дан зиёд фармон ва қарори қабул қилинди. Давлатимиз раҳбари томонидан 500 дан зиёд турли даражадаги йиғилиш, учрашув ва тақдимотларда барча соҳалар бўйича янги вазифалар қўйилди.  

Масалан, икки йил олдин 2030 йилгача ялпи ички маҳсулотимиз ҳажмини 160 миллиард долларга етказиш мақсади қўйилган эди. Энди бу маррага 2026 йилнинг ўзида эришилиши кутилмоқда. Мурожаатномада келгуси беш йилда иқтисодиётимиз ҳажмини 240 миллиард доллардан ошириш имконияти борлиги таъкидланди. Яъни, юртимизда барча соҳаларда юқори марралар олинаяпти.  

Шунингдек, 2023 йилда аҳолимиз сони 36,7 миллион нафарни ташкил қилган бўлса, бу кўрсаткич 2030 йилга бориб 41 миллионгача ошиши прогноз қилинмоқда. Ҳар бир янги мақсадни ушбу ўсишни инобатга олиб белгилаш ҳам муҳим. Бундан ташқари, жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатларда тенденциялар ва динамика ўзгараяпти.

Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект, аҳоли эҳтиёжлари ҳам янги қадамларни, аниқ режаларни кун тартибига қўйяпти. Ушбу ўзгариш ва натижаларни ҳисобга олиб, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг такомиллаштирилган лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу борада мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда илмий марказларнинг 350 нафардан ортиқ вакиллари иштирокида Стратегиядаги барча 444 та самарадорлик кўрсаткичи бугунги кун нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқилди.  

Жумладан, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳаси бир қатор  жиҳатлари билан аҳамиятли. Биринчидан, барча кўрсаткичлар давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган янги марраларга мослаштирилди ва тўлдирилди. Бунда, юртдошларимизга муносиб шароит яратадиган, ҳар бир инсон ва оила ҳаётида сезиладиган мақсадларга алоҳида эътибор қаратилди.  

Иккинчидан, барча кўрсаткичлар ўлчанадиган, яъни, сон шаклида (фоиз, улуш, даража, ҳажм, нисбат, балл, индекс) бўлиши қатъий белгиланди. Ҳисоблаб ёки баҳолаб бўлмайдиган, умумий вазифа, топшириқ ва “шиор” кўринишидаги кўрсаткичлар чиқариб ташланди (бундай бандлар 130 та). Учинчидан, барча самарадорлик кўрсаткичларининг бажаралиши 2030 йилгача йилма-йил белгиланди. Яъни, ҳар бир ижобий ўзгаришни йиллар кесимида кўриш имконияти яратилди. Тўртинчидан, Стратегияда ҳар бир вазирлик ва идора ўз ўрнини топди. Хусусан, лойиҳага кўра, 60 тага яқин давлат органларига тегишли самарадорлик кўрсаткичи белгиланди. Бешинчидан, ҳар бир самарадорлик кўрсаткичига эришилишини таъминлайдиган молиявий манбалар аниқ кўрсатилди.

Олтинчидан, энди соҳа, тармоқ ва ҳудудларни ривожлантириш концепция ва стратегиялари “Ўзбекистон – 2030” стратегиясига мувофиқ ҳолда ишлаб чиқилиши қатъий белгиланади. Жумладан, кейинги йил 50 тадан зиёд шундай концепция (4 та), соҳа ва тармоқларни ривожлантириш стратегиялари (38та) ҳамда ҳар бир ҳудудни ривожлантириш стратегияларини (14 та) қабул қилиш режалаштирилган. Умуман, Стратегиядаги самарадорлик кўрсаткичларига эришиш барча даражадаги ташкилотларнинг энг устувор вазифаси ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириқларига мувофиқ, юртимизнинг келгуси беш йиллик тараққиётига дахлдор бўлган ушбу ҳужжат кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиб, аҳолимизнинг фикр-мулоҳазалари асосида такомиллаштирилади.

Шунга кўра, Стратегия лойиҳаси бугун uzbekistan2030.uz  ва regulation.gov.uz платформаларида жамоатчилик муҳокамасига қўйилади. Бу жараённи наинки кузатиш, балки таҳлил этиш, халқимизга кенг ва атрофлича етказишда оммавий ахборот воситалари ҳам ҳар қачонгидан фаол бўлиб, муносиб ҳисса қўшишлари муҳим.  

Матбуот анжуманида саволларга мутасаддилар томонидан батафсил жавоб қайтарилди.  

Назокат Усмонова, Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА мухбирлари