Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида давлатимиз раҳбарининг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурларини кенг жамоатчилик муҳокамаси ва тарғиботини ташкил этиш мақсадида “Фикрлар марафони” тадбири бўлиб ўтди.
«Тараққиёт стратегияси» маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Президентимизнинг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича Давлат дастури тўғрисида”ги фармони лойиҳасининг мазмун-моҳияти, “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” доирасида белгиланган устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Хусусан, маҳалла институтини мустаҳкамлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш, давлат хизматлари сифатини яхшилаш ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан батафсил маълумотлар тақдим этилди.

Шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг асосий мақсад ва йўналишлари, унинг узоқ муддатли ривожланишдаги ўрни ва аҳамияти кенг ёритилди.
Талабаларга дастурда назарда тутилган ислоҳотларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш суръатларини жадаллаштириш, давлат бошқаруви тизими самарадорлигини ошириш, қонун устуворлиги ва адолат тамойилларини таъминлашдаги муҳим аҳамияти атрофлича тушунтирилди. Тадбир доирасида ёшларнинг ислоҳотлар жараёнидаги фаол иштирокини рағбатлантириш масаласига ҳам алоҳида урғу берилди.
Тадбир жараёнида талабалар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар, таклиф ва ташаббуслар тингланиб, уларни тизимлаштириш ҳамда келгусида амалиётга татбиқ этиш имкониятлари муҳокама қилинди. Ушбу жараён жамоатчиликнинг давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.
“Фикрлар марафони” тадбири давлат дастурлари ва стратегик ҳужжатларни кенг жамоатчилик, айниқса, ёшлар ва талаба-ёшлар орасида тарғиб қилиш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, шунингдек, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга нисбатан фаол фуқаролик позициясини шакллантиришга қаратилган муҳим мулоқот майдони сифатида ташкил этилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА