Сўнгги йилларда Ўзбекистонда давлат бошқаруви, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. 2023 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакат тараққиётининг ўрта муддатли мақсад ва устувор йўналишларини белгилаб берган муҳим дастурий ҳужжат сифатида майдонга чиқди. Бироқ глобал ўзгаришлар суръатининг ошиши, демографик ўсиш, рақамли иқтисодиёт ва технологиялар ривожи стратегияни доимий равишда қайта кўриб чиқишни талаб этмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Президент фармони билан “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини янгилаш ва 2026-2030 йилларга мўлжалланган самарадорлик кўрсаткичларини белгилаш мамлакат тараққиётида мутлақо янги босқични бошлаб бермоқда.
Аввало, мазкур фармоннинг концептуал асоси давлат фаолиятини натижа билан боғлашдир. “Мақсад – ҳаракат – натижа” занжири қатъий жорий этилмоқда. Ҳар бир мақсад учун аниқ, ўлчанадиган ва жавобгарлик юклайдиган индикаторлар белгиланмоқда.
Стратегия ижроси устидан мониторингнинг тўлиқ рақамлаштирилиши давлат бошқарувида шаффофликни кучайтиради. “Яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга асосланган баҳолаш тизими раҳбарларнинг шахсий масъулиятини ошириб, формал ҳисоботчиликдан воз кечишга мажбур қилади. Бу эса давлат хизматининг мазмунини тубдан ўзгартиради. Яъни, рақамли мониторинг қоғоз ҳисобот даври тугамоқда деганидир.
Эндиликда барча кўрсаткичлар рақамли платформа орқали кузатилади. Масалан, агар бир ҳудудда иш ўринлари яратиш режаси бажарилмаса, у автоматик равишда “қизил зона”га тушади. Буни яшириш ёки қоғоз билан тўғрилаб қўйиш мумкин эмас.
Бу тизим оддий одам учун ҳам тушунарли: “яшил” — иш яхши кетяпти, “сариқ” — муаммо бор, “қизил” — масала жиддий дегани. Натижада раҳбарлар ҳақиқий ишлашга мажбур бўлади, давлат хизмати мазмуни ўзгаради.
Учинчидан, фармон глобал чақириқларга мос жавоб беришни кўзда тутади. “Яшил иқтисодиёт”, сунъий интеллект, рақамли платформалар, инновация ва инсон капитали ривожи стратегиянинг марказига қўйилмоқда. Бу Ўзбекистоннинг халқаро рақобатбардошлигини ошириш билан бирга, иқтисодий ўсишни барқарор асосга ўтказишга хизмат қилади. Яъни, эндиликда глобал чақириқларга мослашиш — бу ҳар бир оилага дахлдорликни талаб этади.
Бугун дунё тез ўзгаряпти. Сунъий интеллект, рақамли хизматлар, энергия тежаш масалалари фақат олимлар учун эмас, оддий фуқаро ҳаёти учун ҳам муҳим.
Масалан, рақамли платформалар ривожланса, одам давлат идорасига бориб навбатда турмайди, хизматни уйидан чиқмасдан олади.
“Яшил иқтисодиёт” ривожланса, электр ва газ сарфи камаяди, экологик муҳит яхшиланади, фарзандларимиз соғлом муҳитда яшайди. Инсон капиталига сармоя эса, баркамол авлод, рақобатбардош кадрлар дегани. Бу ҳар бир ота-она учун энг муҳим масала.
Тўртинчидан, ҳужжатда жамоатчилик иштирокини кучайтириш алоҳида аҳамият касб этади. Стратегия мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, аҳоли фикрини ўрганиш, очиқ муҳокамалар ўтказиш орқали давлат қарорларининг ижтимоий легитимлиги мустаҳкамланади. Демак, бунда жамоатчилик иштироки — қарорлар одамлардан узилмайди. Халқ фикри — қарор қабул қилиш жараёнининг бир қисмига айланяпти.
Масалан, маҳаллада йўл қуриш, мактаб ёки боғча очиш масаласи бўлса, аҳоли фикри ўрганилади, муҳокамалар ўтказилади. Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали очиқ мулоқот йўлга қўйилади.
Бу эса шунчаки демократия эмас, балки қарорларнинг ҳаётий ва адолатли бўлишини таъминлайди. Чунки, одам иштирок этган қарорни қабул қилади ва уни қўллаб-қувватлайди.
Ушбу фармоннинг энг муҳим жиҳати — у давлат стратегик режалаштиришини мутлақо янги сифат босқичига олиб чиқяпти. “Қай даражада натижага эришдик ва бу кимнинг жавобгарлиги” деган ёндашув устувор бўляпти.
Фармон орқали “Ўзбекистон – 2030” стратегияси жонли, доимий таҳлил қилинадиган ва ўзгариб борадиган ҳужжатга айланмоқда. Самарадорлик кўрсаткичларининг рақамли мониторинги, уларни “яшил–сариқ–қизил” тизими орқали баҳолаш — бу замонавий давлат бошқарувида жаҳон амалиётида қўлланилаётган энг илғор усуллардан бири.
Шу билан бирга, фармон раҳбарларнинг шахсий масъулиятини кучайтиради. Энди натижага эришилмаган ҳолатни умумий сабаблар билан изоҳлаб бўлмайди. Бу эса давлат хизматининг фалсафасини ўзгартиради: лавозим имтиёз эмас, аниқ натижа учун жавобгарликдир.
Яна бир муҳим жиҳат, стратегиянинг инсон капиталига йўналтирилганидир. Таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва гендер тенглик масалалари аниқ рақамлар билан ўлчанадиган мақсадларга айланмоқда. Бу эса ислоҳотларнинг марказида инсон турганини кўрсатади.
Хулоса қилиб айтганда, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини янгилашга қаратилган ушбу фармон — давлатни бошқаришда декларациядан натижага, жараёндан жавобгарликка, режадан аниқ ижрога ўтишни таъминловчи стратегик ҳужжатдир.
Фируза Мухитдинова,
Миробод туман Кенгаши депутати.