Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини такомиллаштириш бўйича жамоатчилик муҳокамаси бошланади
18:54 / 2025-12-31

Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг такомиллаштирилган лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси жараёнлари бошланиши муносабати билан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Экспертлар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари масъуллари, ОАВ вакиллари ва журналистлар қатнашган тадбирда Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги директори Б.Раҳматов, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Э.Туляков, “Юксалиш” ҳаракати раиси Б.Бекмуродов, Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари З.Холдоровлар сўзга чиқди.   

Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида эришилган улкан натижалар, янги устувор вазифалар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини қайта кўриб чиқишни тақозо этаётгани, мамлакатимизнинг келгуси беш йиллик тараққиётига дахлдор бўлган ушбу ҳужжат кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиб, аҳолимизнинг фикр-мулоҳазалари асосида такомиллаштирилиши зарурлигини таъкидлаган эди.   

Дарҳақиқат, 2023 йилда қабул қилинган бу дастурий ҳужжат барча соҳа ва тармоқларда улкан натижаларга замин бўлиб келмоқда. Камбағаллик даражаси 11 фоиздан 6,8 фоизга, ишсизлик 6,8 фоиздан 4,9 фоизга тушди, ялпи ички маҳсулот ҳажми 103 миллиард доллардан 145 миллиард долларга етди, экспорт ҳажми 25 миллиард доллардан 33,4 миллиард долларга, хорижий инвестициялар ҳажми 17 миллиард доллардан 43 миллиард долларга ошди, хорижий туристлар сони 6,6 миллиондан 8,6 миллион нафарга, мактабгача таълим қамрови 72 фоиздан 78 фоизга, олий таълим қамрови 42 фоизга, Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган давлатлар сони 144 тадан 164 тага етди.   

Икки йил олдин 2030 йилгача ялпи ички маҳсулотимиз ҳажмини 160 миллиард долларга етказиш мақсади қўйилган эди. Энди бу маррага 2026 йилнинг ўзида эришилиши кутилмоқда. Мурожаатномада келгуси беш йилда иқтисодиётимиз ҳажмини 240 миллиард доллардан ошириш имконияти борлиги таъкидланди. Яъни барча соҳалар бўйича юқори марралар олиняпти.   

2023 йилда аҳолимиз сони 36,7 миллион нафарни ташкил қилган бўлса, бу кўрсаткич 2030 йилга бориб 41 миллионга етиши прогноз қилинмоқда. Ҳар бир янги мақсадни ушбу ўсишни инобатга олиб белгилаш бугунги куннинг муҳим талаби ҳисобланади.   

Бундан ташқари, жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатларда тенденциялар ва динамика ўзгаряпти. Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект, аҳоли эҳтиёжлари ҳам янги қадамларни, аниқ режаларни кун тартибига қўйяпти.   

Ушбу ўзгариш ва натижаларни ҳисобга олиб, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг такомиллаштирилган лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу борада мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда илмий марказларнинг 350 нафардан ортиқ вакиллари иштирокида Стратегиядаги барча 444 та самарадорлик кўрсаткичи бугунги кун нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқилди.   

Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги директори Б.Раҳматов “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасини такомиллаштиришнинг қатор жиҳатларига тўхталиб ўтди.   

– Барча кўрсаткичлар белгилаб олинаётган янги ва юқори марраларга мослаштирилди ва тўлдирилди. Бунда юртдошларимизга муносиб шароит яратадиган, ҳар бир инсон ва оила ҳаётида сезиладиган мақсадларга эришилишига алоҳида эътибор қаратилди. Барча кўрсаткичлар ўлчанадиган, яъни, сон шаклида (фоиз, улуш, даража, ҳажм, нисбат, балл, индекс) бўлиши қатъий белгиланди. Ҳисоблаб ёки баҳолаб бўлмайдиган, умумий вазифа, топшириқ ва “шиор” кўринишидаги кўрсаткичлар чиқариб ташланди. Шунингдек, барча самарадорлик кўрсаткичларининг бажарилиши 2030 йилгача эмас, балки ҳар бир йил бўйича йиллар кесимида тақсимланди. Стратегияда 60 тага яқин давлат органларига тегишли самарадорлик кўрсаткичи белгиланди ва самарадорлик кўрсаткичига эришишнинг молиявий манбалари аниқ кўрсатилди. Энди соҳа, тармоқ ва ҳудудларни ривожлантиришга доир концепция ва стратегиялар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясига мувофиқ ҳолда ишлаб чиқилиши қатъий белгиланади.   

Жумладан, кейинги йил 50 тадан зиёд шундай концепция (4 та), соҳа ва тармоқларни ривожлантириш стратегиялари (38 та) ҳамда ҳар бир ҳудудни ривожлантириш стратегияларини (14 та) қабул қилиш режалаштирилган. Умуман, Стратегиядаги самарадорлик кўрсаткичларига эришиш барча даражадаги ташкилотларнинг энг устувор вазифаси ҳисобланади, – деди Б.Раҳматов.   

Матбуот анжуманида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Э.Туляков сўзга чиқиб, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг такомиллаштирилиши, унда белгиланган вазифаларнинг янгиланиши мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигида муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Стратегия лойиҳасининг муҳокамасида кенг жамоатчиликнинг фаол иштироки белгиланаётган вазифаларнинг янада мукаммал ва халқчил бўлишини таъминлашига эътибор қаратди.   

– Сўнгги йилларда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида муайян ютуқларга эришилди, бир вақтнинг ўзида эса ҳаётнинг ўзи янги вазифалар, янги талаблар ва янги чақириқларни кун тартибига қўймоқда. Шу боис стратегияни мавжуд реал шароит, жамият эҳтиёжлари ҳамда жадал ўзгараётган глобал тенденциялардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш зарурати юзага келмоқда. Такомиллашаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг асосий мақсади “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган ғояни амалий мазмун билан бойитган ҳолда, мамлакатнинг ўрта муддатга мўлжалланган ривожланиш йўлини янада самарали, натижага йўналтирилган ва ҳисобдор тизим асосида давом эттиришдир. Шу нуқтаи назардан, амалдаги стратегия доирасида эришилган натижалар чуқур таҳлил қилиниб, мавжуд муаммолар ҳисобга олинмоқда ҳамда аниқ ўлчаш ва баҳолаш имконини  таъминлаш учун самарадорлик кўрсаткичлари қайта кўриб чиқилмоқда. Яна бир энг муҳим жиҳат – ушбу стратегия Ватан тараққиётига дахлдорлик нуқтаи назаридан ҳар бир юртдошимизнинг қалбигача кириб бориши зарур. Ҳар бир фуқаро лойиҳа билан танишар экан, “Бу ҳужжат менга нима наф беради?”, “У менинг ҳаётимни қандай ўзгартиради?”, “Оилам, фарзандларим ва келажагим учун қандай имкониятлар яратади?” деган саволларга аниқ жавоб топа олсин ва шундан келиб чиқиб, ўз фикр ва мулоҳазаларини киритсин. Ана шунда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳар бир инсон ҳаётида сезиладиган, кундалик турмушимизга таъсир қиладиган аниқ ўзгаришлар манбаи бўла олади, – деди Элдор Туляков.  

Анжуман давомида такомиллашаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳаси uzbekistan2030.uz ва regulation.gov.uz платформаларида жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши, унга ўз таклиф ва мулоҳазалари билан иштирок этиш бўйича маълумот берилди, дейилади “Тараққиёт стратегияси” маркази маълумотида.   

А.РУСТАМОВ, ЎзА