Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида она ва бола муҳофазаси
11:39 / 2026-01-19

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, тиббиёт тизимини тубдан ислоҳ этиш, она ва бола ўлимини камайтириш, саломатлигини асраш, соғлом болаликни таъминлаш масаласига мамлакатимизда устувор аҳамият қаратилмоқда.

Бу жиҳатлар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 16-мақсадида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топган. Ушбу долзарб масаланинг аҳамияти нечоғли муҳим экани хусусида Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти Оила демографияси ва хотин-қизларнинг иқтисодий ҳолати таҳлили бўлими бошлиғи Шерзод Дуснаев ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:

–  Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсон ҳаёти, саломатлиги ва ижтимоий фаровонликни давлат сиёсатининг асосий устувор йўналиши сифатида белгилаб, миллий тараққиётнинг инсонга йўналтирилган моделини шакллантиришга хизмат қилмоқда.  

Ана шу инсонпарвар ёндашувнинг тизимли ифодаси сифатида қабул қилинаётган янги “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакатни барқарор ривожлантириш, инсон капиталини мустаҳкамлаш ва демографик барқарорликни таъминлашга қаратилган узоқ муддатли дастур ҳисобланади.

Стратегияда аҳолининг ҳаёт сифати, саломатлиги ва келажак авлод фаровонлиги миллий тараққиётнинг ҳал қилувчи омиллари сифатида қаралади.

Шу маънода, стратегияда алоҳида белгиланган 16-мақсад — оналар  

ва болалар ўлимини камайтириш ҳамда соғлом болаликни таъминлаш аҳоли тараққиёти учун ўта зарур ва стратегик аҳамиятга эга. Чунки, оналик ва болалик саломатлиги инсон ҳаётининг энг заиф босқичларини қамраб олиб, соғлом авлод, барқарор оила ва сифатли инсон капитали шаклланишининг пойдеворини яратади.

Оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш ҳар қандай давлатнинг ижтимоий сиёсатида устувор аҳамият касб этиб, инсон капитали сифати, демографик барқарорлик ва миллий тараққиётнинг муҳим шарти саналади.  

Айниқса, оналар ва болалар ўлими кўрсаткичлари тиббий хизматлар сифати, ижтимоий ҳимоя самарадорлиги ҳамда жамиятда инсон ҳаётига бўлган муносабатни акс эттирувчи асосий индикаторлардан бири сифатида эътироф этилади.

Ўзбекистонда  оналар ўлими кўрсаткичи ҳар 100 минг тирик туғилганга 65 нафардан ортиқ даражадан 15 нафардан кам кўрсаткичгача пасайди, гўдаклар ўлими эса 35 промилледан тахминан 9 промиллегача қисқарди. Ушбу тенденция соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш ва профилактикага асосланган тиббий ёндашув самарадорлигини тасдиқлайди.

Шу билан бирга, глобал демографик ўзгаришлар, сурункали касалликлар улушининг ортиши ва экологик омиллар мазкур соҳадаги вазифаларнинг долзарблигини янада оширмоқда. Айниқса, соғлом болаликни таъминлаш инсон ҳаётининг илк босқичларида хавфларни минималлаштириш орқали узоқ муддатли ижтимоий ва иқтисодий самарага эришишни талаб этади.

Стратегия доирасида оналар ўлими сонини 100 минг тирик туғилганга нисбатан 9 нафардан камайтириш, 3-15 ёшдаги болалар йод препаратлари билан, 15-35 ёшдаги хотин-қизлар эса поливитамин, темир ва фолий кислотаси билан кўрсатмага мувофиқ 100 фоиз бепул таъминлаш, болалар ўртасида юқумли ва юқумли бўлмаган касалликларни 10 фоизга, 2-10 ёшли болалар орасида гельминтозни 15 фоизга қисқартириш, гўдаклар ўлимини 6,5 промиллегача ва беш ёшгача бўлган болалар ўлимини 9 промиллегача камайтириш белгиланган. Шунингдек, туғруқ ўринлари сони 14 минг 373 тага ошириш, 6-23 ойлик болалар 100 фоиз микронутриент кукуни билан кўрсатмага мувофиқ бепул таъминлаш ҳамда даун синдроми билан туғилиш ҳолатлари 100 минг тирик туғилганга нисбатан 32 гача камайтирилиши кўзда тутилган.

Янги стратегия касалликларни даволашдан кўра уларнинг олдини олиш, эрта ташхис ва профилактикага устувор аҳамият бериш орқали оналар ва болалар саломатлигини тиббий, ижтимоий ва демографик омиллар уйғунлигида таъминлашни назарда тутади.

Натижада мақсадга эришиш оила барқарорлигини мустаҳкамлаб, соғлом болалик орқали сифатли инсон капитали шаклланишини таъминлайди ҳамда демографик барқарорлик ва меҳнат унумдорлигининг ошишига хизмат қилади.

Шу боис, мазкур мақсадни фақат соғлиқни сақлаш соҳасига оид вазифа сифатида эмас, балки мамлакатнинг узоқ муддатли барқарор тараққиётини белгилаб берувчи стратегик йўналиш сифатида баҳолаш мумкин.

Шу билан бирга мамлакатнинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнига комплекс ижобий таъсир кўрсатиб, Инсон ривожланиши индекси (HDI) ҳамда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари (айниқса SDG 3) бўйича Ўзбекистон натижалари мустаҳкамланади.  

Шунингдек, соғлиқни сақлаш тизими самарадорлигининг ошиши Ижтимоий тараққиёт индекси (Social Progress Index), Ҳаёт сифати индекси (Quality of Life Index) ва аҳоли фаровонлигига оид халқаро баҳолашларда мамлакат позициясининг яхшиланишига хизмат қилади.  

Бу эса Ўзбекистоннинг инсон қадрига асосланган, ижтимоий барқарор ва инсон капиталига йўналтирилган давлат сифатидаги халқаро имижини янада кучайтиради.

ЎзА мухбири Н.Усмонова ёзиб олди.