Ўзбекистонда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида “Ўзбекистон-2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича Давлат дастури барча соҳалар қатори интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилади. Зеро, замонавий тараққиёт шароитида инновация, илмий изланиш ва креатив иқтисодиётни ривожлантириш интеллектуал мулк ҳуқуқларини самарали муҳофаза қилиш билан узвий боғлиқдир.
Интеллектуал мулк-инновацион иқтисодиёт асоси. Давлат дастурида илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, стартаплар ва юқори технологияли ишланмаларни рағбатлантириш билан бир қаторда, уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланган. Патентлар, товар белгилари ва саноат намуналарини рўйхатдан ўтказиш тартибларини соддалаштириш орқали ихтирочилар ва тадбиркорлар учун қулай муҳит яратилмоқда.
Интеллектуал мулкни ишончли ҳимоя қилиш инвестицион жозибадорликни оширади, хорижий сармоядорлар учун ҳуқуқий кафолатларни мустаҳкамлайди ҳамда миллий брендларнинг халқаро бозорда рақобатбардошлигини таъминлайди.
Бу йил ҳуқуқий база ва институционал ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратилади. “Ўзбекистон-2030” стратегияси доирасида интеллектуал мулк соҳасидаги қонунчиликни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш ва электрон хизматларни кенг жорий этиш чора-тадбирлари назарда тутилган. Бу эса мурожаатларни кўриб чиқиш муддатини қисқартириш ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилади.
Шунингдек, соҳада ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш механизмлари кучайтирилиб, контрафакт маҳсулотлар айланмасига чек қўйиш бўйича назорат тадбирлари изчил амалга оширилади. Суд амалиётини такомиллаштириш орқали ҳуқуқ эгаларининг манфаатлари самарали ҳимоя қилииш механизмлари такомиллаштирилади.
Ёшлар ва креатив индустрияларни қўллаб-қувватлашга ҳам эътибор қаратилади. Давлат дастурида ёш олимлар, дастурчилар, дизайнерлар ва ижодкорларнинг интеллектуал мулк объектларини ҳимоя қилишдаги иштирокини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Бу орқали креатив иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш, IT-парклар ва инновацион марказлар фаолиятини кенгайтириш кўзда тутилган.
Рақамли маконда ҳуқуқий ҳимояга эътибор кучайтирилади. Муаллифлик ҳуқуқини ҳурмат қилиш маданиятини шакллантириш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни ошириш ҳам давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Ахборот технологиялари жадал ривожланаётган шароитда интернет тармоғида муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда. Давлат дастурида рақамли платформаларда контент муҳофазасини кучайтириш, ноқонуний тарқатиш ҳолатларига қарши самарали чоралар кўриш вазифалари белгиланган.
Бу жараёнлар мамлакатда инновацион муҳитни мустаҳкамлаб, илмий ва ижодий фаолият натижаларини иқтисодий қийматга айлантириш имконини беради.
Хулоса қилиб айтганда, “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида “Ўзбекистон-2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича Давлат дастурида интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирлар-янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим омилидир.
Интеллектуал салоҳиятни ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш орқали Ўзбекистон инновацион, рақобатбардош ва барқарор иқтисодиёт сари қадам ташлаётганини кўриш мумкин.
Ситора Тошева,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Интеллектуал мулк маркази
давлат муассасаси етакчи маслаҳатчиси