Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзбекистон-2030” стратегияси: жамият ундаги оилаларнинг тинчлиги ва фаровонлиги учун хизмат қилади
10:25 / 2023-09-19

Жамиятда оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш масаласи устувор йўналиш сифатида эътироф этилаётганлиги бор гап. Бунинг исботини Президентимиз фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам кўриш мумкин.

Мазкур Стратегия халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни  кафолатли таъминлаш мақсадида ҳамда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга ошириш жараёнида орттирилган тажриба асосида ишлаб чиқилган.  

Жумладан, 2023 йил 1 октябрдан бошлаб оғир ҳаётий вазиятга тушган ёки тушиш хавфи юқори бўлган ҳар бир оила бўйича алоҳида “ижтимоий  хизмат иши”ни юритиш тартиби амалиётга жорий этилади. Бунда ушбу оилаларда  шароитни яхшилаш, уларга даволаш, дори воситалари билан таъминлаш, фарзандларини мактабгача ва мактаб таълими ташкилотларига жойлаштириш, моддий ёрдам бериш каби ижтимоий хизматлар кўрсатиш назарда тутилмоқда.  

Хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларга ўз салоҳиятини тўлақонли рўёбга чиқариши учун қўшимча шарт-шароитларни яратиш мақсадида 2024 йил 1 январдан бошлаб оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларни  қайта касбга тайёрлаш харажатларини давлат томонидан қоплаб бериш тартибининг жорий этилиши қувонарлидир.  

Давлатимиз томонидан ҳар бир оиланинг барқарор даромад манбаига эга бўлиши учун барча шароит яратилган. Оилавий тадбиркорликни ривожлантиришнинг ташкилий ҳуқуқий асослари яратилганлиги, оилавий бизнес юритиш, оилавий ҳунармандчиликнинг ривожланиб бораётганлиги, оиладаги иқтидорли ёшларни юзага чиқариш учун имкониятлар мавжудлиги,  буларни санайвериш мумкин. Оилалар сонига нисбатан уй-жойлар, автомобиллар сони, маиший хизмат техникалари билан таъминланганлик даражаси ва бошқа кўрсаткичлар эса турмуш даражамиз қанчалик ўзгарганини кўрсатади.  

Аммо бу ҳаёт. Ҳар кимнинг жисмоний, ақлий ёки ўзига боғлиқ бўлмаган бошқа имкониятлари мавжуд. Шу боисдан ҳам тан олишимиз керакки, орамизда оғир ҳаётий вазиятга тушган ёки тушиш хавфи юқори бўлган оилалар ҳам йўқ эмас. Уларнинг давлат эътиборида бўлиши ҳеч кимдан кам бўлмаган таълим, тиббий, ижтимоий хизматлардан фойдаланиши учун тўлиқ имкониятлар яратиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларнинг узвий давоми сифатида “Ўзбекистон–2030” стратегиясида ҳам бу масалалар ўз ифодасини топган. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, ҳозирги кунга келиб Қорақалпоғистон Республикасида оғир шароитда яшаётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож 51 минг оиланинг уй-жой шароити яхшиланди. Айрим ҳудудларда аҳолига тоза ичимлик сувини етказиб бериш қатор қийинчиликлар билан амалга оширилаётган бир пайтда Қорақалпоғистонда аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш 71 фоизга етди.  

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 2 февралдаги “Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш ва маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан барча овул ва қишлоқлардаги аҳоли турар жойлари хатловдан ўтказилди. Қорақалпоғистонда 424 маҳаллада 21803 уй-жойни таъмирлаш учун 343,9 миллиард сўм ажратилмоқда. Шундан 21094 та уй-жойнинг том қисмини таъмирлаш ҳамда 709 та яшаш учун яроқсиз ва авария ҳолатига келиб қолган уй-жойларни янгидан қуриш ишлари белгиланган.  

Стратегияда оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларни  қайта касбга тайёрлаш харажатларини давлат томонидан қоплаб бериш тартибини жорий этиш белгиланмоқда. Содда қилиб айтганда бу тоифадаги хотин-қизларнинг бугунги замон учун зарур ва бозор иқтисодиёти шароитида талаб юқори бўлган касбларни ўрганиши учун харажатларни давлат ўз зиммасига олмоқда. Чунки, янги ташкил этилаётган ишлаб чиқариш корхоналари, заводлар, фабрикалар уларда мавжуд бўлган техника ва технологияларда ишлаш учун касб ва малака кўникмаларини ҳам янгилаш талаб этилади.

Бу эзгу ишнинг ўзидан из қолдирадиган яна бир ижобий жиҳати бор. Демоқчиманки, бугун давлатимиз ҳомийлигида аёлларга ўргатилаётган янги касблар нафақат уларнинг ўзига, балки, улар орқали сингилларига, қизларига ўтиб такомиллашиб, ривожланиб боради ва оилаларнинг даромад манбаига айланади.  

Шуни алоҳида таъкидлаш лозим, “Ўзбекистон–2030” стратегиясида белгиланган ҳар бир йўналиш, ҳар бир вазифа, энг аввало, жамиятимиз, ундаги оилаларнинг тинчлиги, осойишталиги ва фаровонлиги учун хизмат қилади.  

Назира Матяқубова,  

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати.  

ЎзА