Муносабат
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакат тараққиётида мутлақо янги босқични бошлаб берди. Иқтисодиётни либераллаштириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя тизимини кучайтириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва давлат бошқарувини модернизация қилишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар изчил амалга оширилди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси ана шу ислоҳотларни тизимли давом эттириш, мамлакатни ўрта муддатли ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб беришда муҳим дастуриламал ҳужжат бўлиб келмоқда. Хусусан, Стратегия доирасида барқарор иқтисодий ўсиш, ижтимоий адолат, инсон қадри, замонавий давлат бошқаруви ва хавфсизликни таъминлаш асосий мақсадлар сифатида белгиланган.

Стратегия доирасида амалга оширилган ислоҳотлар қисқа вақт ичида сезиларли натижалар берди. Камбағаллик даражаси 11 фоиздан 5,8 фоизга пасайди. Ўзбекистон иқтисодиёти 2025 йилда 147 миллиард долларга етиб, йиллик ўсиш кутилганидек 7 фоиз эмас, балки 7,7 фоизга ошиб аҳоли жон бошига ЯИМ – 3845 долларни ташкил этди.
Шунингдек, экспорт ҳажми 24,9 миллиард доллардан 33,5 миллиард долларга, хорижий инвестициялар 17,1 миллиард доллардан 43,1 миллиард долларга кўпайди. Ишсизлик даражаси 6,8 фоиздан 4,9 фоизга тушди. Натижада Ўзбекистон Глобал инновацион индексида ўз ўрнини яхшилаб, мамлакат билан дипломатик муносабатлар ўрнатган давлатлар сони 144 тадан 164 тага етди.
Бу кўрсаткичлар стратегиянинг тўғри йўналишда эканини тасдиқлайди. Бироқ рақамлар билан бирга, сифат, самарадорлик ва барқарорлик масалалари ҳам кун тартибига чиқмоқда. Қолаверса, бугун жаҳонда кечаётган глобал иқтисодий, технологик ва геосиёсий ўзгаришлар ҳар бир давлатдан ўз ривожланиш стратегияларини қайта кўриб чиқишни, мақсад ва устувор йўналишларни замон талабларига мос равишда янгилашни тақозо этмоқда.
Ўзбекистон учун ҳам “яшил” ва рақамли иқтисодиётга ўтиш, рақобатнинг кучайиши, аҳоли эҳтиёжларининг кенгайиши ҳамда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида муайян мақсадларга эришилгани стратегик режалаштиришда аниқлик ва самарадорликни янада ошириш заруратини юзага келтирди.
Шу нуқтаи назардан, такомиллашаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳаси мамлакат тараққиётининг янги босқичига мос, реал имкониятларга таянадиган ва натижага йўналтирилган муҳим дастуриламал сифатида намоён бўлмоқда.
Янгиланаётган Стратегияда иқтисодий ўсиш сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилиши назарда тутилмоқда. Хусусан, ялпи ички маҳсулот ҳажмини амалдаги стратегияда белгиланган 160 миллиард доллардан 240 миллиард долларга етказиш режалаштирилгани мамлакат иқтисодиётининг салоҳияти сезиларли даражада ошишини англатади.
Шу билан бирга, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни ҳам амалдаги 4 000 доллардан 5 800 долларга етказиш мақсади қўйилгани ислоҳотлар марказида инсон манфаатлари турганини яна бир бор тасдиқлайди. Бу кўрсаткич нафақат иқтисодий ўсишни, балки аҳоли турмуш сифати, истеъмол имкониятлари ва ижтимоий барқарорликни ҳам оширишга хизмат қилади.
Стратегия лойиҳасида аҳолини иш билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, хорижий давлатлар билан ишга жойлаштириш бўйича ҳукуматлараро ва идоралараро келишувлар сонини 30 тадан 40 тага етказиш, ишсизлик даражасини 7 фоиздан 4 фоизга тушириш ҳамда саноатда қўшилган қиймат ҳажмини 45 миллиард доллардан 60 миллиард долларга етказиш режалаштирилмоқда. Бу чоралар яқин вақт ичида иқтисодиётда юқори қўшилган қиймат яратадиган тармоқларни ривожлантириш, замонавий иш ўринлари ташкил этиш ва меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланиш имконини беради.
Сир эмаски, бугун глобал иқлим ўзгариши шароитида экологик барқарорлик масаласи стратегик аҳамият касб этмоқда. Шу боис, стратегияда қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 40 фоиздан 54 фоизга ошириш мақсади белгилангани Ўзбекистоннинг “яшил иқтисодиёт”га қатъий қадам қўяётганини кўрсатади.
Шунингдек, атроф-муҳитга таъсири юқори бўлган корхоналар томонидан экиладиган кўчатлар сони 30 миллиондан 50 миллион тупга етказилиши кўзда тутилган. Қолаверса, ерларни эрозиядан ва қум кўчишидан сақлаш мақсадида иҳота дарахтзорларини барпо этиш ҳажми ҳам амалдаги 26 200 гектардан 30 055 гектарга ошириш режалаштирилмоқда. Бу чора-тадбирлар нафақат экологик мувозанатни сақлаш, балки аҳоли саломатлиги ва ҳаёт сифати учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, давлат бошқаруви тизимини модернизация қилиш, очиқлик ва ҳисобдорликни кучайтириш масалалари ҳам устувор ўрин эгалламоқда. Жумладан, маҳаллий вакиллик органлари фаолиятини 100 фоиз рақамлаштириш, маҳаллий Кенгашлар фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган 5 та қонунчилик ҳужжатини такомиллаштириш ва “Халқ назорати” порталини барча ҳудудларда 100 фоиз жорий этиш кўзда тутилмоқда.
Бу ўзгаришлар фуқароларнинг қарор қабул қилиш жараёнларидаги иштирокини кенгайтириш, жойлардаги муаммоларни тезкор аниқлаш ва ҳал этиш имконини беради.
Умуман олганда, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасида назарда тутилган ўзгаришлар мамлакатнинг узоқ муддатли манфаатларига хизмат қиладиган, реал мақсадларга асосланган ва жамият эҳтиёжларига жавоб берадиган муҳим йўналишларни қамраб олган.
Иқтисодий ўсиш, аҳоли фаровонлиги, бандлик, экологик барқарорлик ва давлат бошқарувини рақамлаштиришга қаратилган ушбу мақсадлар амалга оширилса, Ўзбекистон 2030 йилга бориб рақобатбардош, ижтимоий адолатли ва барқарор ривожланаётган давлатлар қаторида мустаҳкам ўрин эгаллаши шубҳасиз.
Нилуфархон САИД-ГАЗИЕВА,
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди
Девон раҳбари, ю.ф.д.
ЎзА