Бухорода Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази вилоят ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан “Вакиллик органлари трансформацияси: уларни халқнинг чинакам “овозига” айлантириш истиқболлари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибияти билан ҳамкорликда ташкил қилинган тадбирда халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгаши котибияти мудирлари ва депутатлар, сиёсий партияларнинг вилоят Кенгаши вакиллари, жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

– Тадбирдан кўзланган мақсад “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 75-мақсади ва унда белгиланган кўрсаткичларга эришиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари доирасида маҳаллий Кенгашлар фаолиятини самарали трансформация қилиш, ваколатларини кенгайтиришга доир белгиланган вазифалар мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишдан иборат, – дейди марказнинг вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари Жамшид Жўраев. – Тадбир давомида, Президент ташаббуси билан жорий этилган “Кучли Кенгаш – ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойили доирасида амалга оширилган ислоҳотлар ва уларнинг амалий натижалари тўғрисида фикр алмашилди.

Тадбирда концепцияда 2030 йилга қадар маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари тизимини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари ва устувор йўналишлари белгилангани, унинг доирасида вакиллик органлари ваколатлари кенгайтирилиб, тизимда бир қатор ўзгаришлар амалга оширилиши кўзда тутилгани таъкидлаб ўтилди. Хусусан, маҳаллий Кенгашларда “Кенгаш раиси ўринбосари”, “Кенгаш раёсати” ва “Кенгаш соати” институтлари жорий этилаётгани ва Кенгашлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилиб, “Е-Кеngash” электрон платформасини такомиллаштиришга доир вазифалар соҳа мутахассислари томонидан қизғин муҳокама қилинди.

Шунингдек, муҳокамаларда Кенгашларнинг аҳоли муаммолари ва ҳудуд манфаатларига оид муҳим ва долзарб масалаларни ҳал этишида “маҳалла еттилиги” – туман (шаҳар) Кенгаши – вилоят Кенгаши – Сенат” тамойили жорий этилиши ҳамда маҳаллий Кенгашларнинг норма ижодкорлиги соҳасидаги фаолиятини такомиллаштириш, қарорлар ишлаб чиқишда кенг жамоатчиликнинг иштирокини таъминлашни ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Давра суҳбати доирасида амалга оширилган ислоҳотлар ва айни пайтда эришилган натижалар билан бир қаторда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятига доир ўз ечимини кутаётган айрим долзарб муаммолар атрофлича муҳокама қилинди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.