Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси: транспорт тизимидаги ислоҳотлар иқтисодий самарадорликни таъминлайди
11:21 / 2026-02-18

Ўзбекистонда транспорт соҳасини жадал ривожлантириш масаласи давлат сиёсатида устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Мазкур соҳадаги асосий мақсад ва вазифалар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида аниқ ифода этилган. Уларни изчил амалга ошириш иқтисодиёт тармоқлари ўртасидаги ўзаро боғлиқликни янада мустаҳкамлаш, логистика жараёнларининг самарадорлигини ошириш, шунингдек, аҳоли учун қулай, сифатли ва хавфсиз транспорт хизматлари қамровини кенгайтиришга хизмат қилади.

Шу билан бирга, қайд этиш жоизки, “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили” давлат дастури доирасида транспорт соҳасида бир қатор муҳим чора-тадбирлар ҳамда лойиҳалар амалга оширилди. Жумладан, жамоат транспортини модернизация қилиш, транспорт тизимини рақамлаштириш, соҳа хизматларини ривожлантириш ва инфратузилмани такомиллаштиришга қаратилган ишлар янада жадаллаштирилди.

Хусусан, ҳудудларда йўловчи ташиш хизматларини янада такомиллаштириш мақсадида 2025 йилда жами 202 та янги жамоат транспорти йўналиши ташкил этилди. Бу орқали хизмат кўрсатиш жараёнларини рақамлаштириш доирасида жамоат транспортида йўл ҳақини тўлашда электрон тўловлар улуши ўртача 42,7 фоизни ташкил этмоқда. 

Шунингдек, мазкур йилда жамоат транспорти эҳтиёжлари учун 984 дона автобус харид қилиниб, 939 та оралиқ бекат қурилди ҳамда реконструкция қилинди, 21 та автовокзал ва автостанцияда эса қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бу чора-тадбирлар транспорт хизматлари қамровини кенгайтириш, йўловчилар оқимини самарали бошқариш ҳамда шаҳар ва туманларда ҳаракатланиш қулайлигини янада оширишга хизмат қилади.

Логистика салоҳиятини янада мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан, 2025 йилда республика ҳудуди орқали транзит юк ташиш ҳажми 14,7 миллион тоннага етказилди (темир йўл – 12,1 миллион тонна, ҳаво транспорти – 9,3 минг тонна, автомобиль транспорти – 2,7 миллион тонна). Шу билан бирга, йўловчи ва юк ташиш хизматлари умумий ҳажми 185,0 триллион сўмни ташкил этди (темир йўл – 15,2 триллион сўм, ҳаво транспорти – 29,4 триллион сўм, автомобиль транспорти – 93,2 триллион сўм, қувур транспорти – 21,1 триллион сўм, бошқа йўловчи ва юк ташиш хизматлари – 26,1 триллион сўм).

Мазкур ўсиш аҳоли учун транспорт хизматларидан фойдаланиш имкониятлари ва қулайлигини кенгайтириш билан бирга, тадбиркорлик субъектлари учун ташиш харажатларини мақбуллаштириш, етказиб бериш муддатларини қисқартириш ҳамда янги бозорларга чиқиш имкониятларини яхшилашга ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

Бундан ташқари, ҳаво транспорти соҳасида ҳам барқарор ва фаол ўсиш динамикаси қайд этилмоқда. Жумладан, 2025 йилда 130,6 мингта авиақатнов амалга оширилиб, авиақатновлар сони 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 15 фоизга ошди. Ўз навбатида, бу кўрсаткичнинг ўсиши туристлар оқимини кўпайтириш, ҳудудларнинг транспорт жиҳатдан очиқлиги ва алоқадорлигини кучайтириш, шунингдек, ишбилармонлик сафарлари фаоллигини ошириш орқали иқтисодий фаолликни янада жадаллаштиришга хизмат қилади.

Юқорида қайд этилган натижалар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган устувор мақсадлар билан ҳамоҳанг. Стратегиянинг асосий мақсадларидан бири, бу – Ўзбекистонинг глобал транспорт-логистика тармоқларига интеграциясини чуқурлаштириш ва миллий транспорт тизимининг салоҳиятини оширишдир. 

Бу – республика ҳудуди орқали транзит юкларини ташиш ҳажмини 16 миллион тоннага етказиш, шимолий йўналишда темир йўл орқали юк ташиш муддатларини 40 фоизга қисқартириш, йўловчи ва юк ташиш хизматлари ҳажмини 3 баробар ошириш, электрлашган темир йўллар улушини 65 фоизга етказиш, авиақатновлар сонини 4 баробарга ошириш, 56 минг километр йўлларни қуриш ва таъмирлаш каби вазифаларни қамраб олган.

Ўз навбатида ушбу стратегик мақсад ва вазифаларга эришиш учун аввало инфратузилма ва хизматлар сифатини оширишга қаратилган лойиҳаларга давлат-хусусий шериклиги (ДХШ) механизмларини кенг жалб этиш, молиялаштириш манбаларини диверсификация қилиш ва бошқарув самарадорлигини кучайтириш зарур. 

Шунингдек, экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида “яшил энергетика” ёндашувини транспорт тизимига босқичма-босқич жорий этиш, хусусан, электробуслар ва энергия тежамкор технологиялардан фойдаланишни кенгайтириш муҳим аҳамият касб этади. 

Бундан ташқари, соҳанинг узоқ муддатли рақобатбардошлигини таъминлаш учун кадрлар салоҳияти, малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимини замонавий стандартлар асосида такомиллаштириш, шунингдек, инновацион ечимларни амалиётга жорий эта оладиган мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Хулоса қилиб айтганда, ислоҳотларнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да изчил давом эттирилиши мамлакат иқтисодиёти ўсиши, ҳудудлар ўртасидаги ўзаро боғлиқлик мустаҳкамланиши ва аҳоли фаровонлиги янада юксалишига олиб келади. 

Рамзидин НУРИДИНОВ,

“Тараққиёт стратегияси” маркази

 бош мутахассиси.

ЎзА