Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзбекистон-2030” стратегияси: Тўқимачилик саноатида 10 млрд. долларлик марра забт этиладими? (+видео)
16:11 / 2024-04-26

Ўзбекистон саноатининг “драйвер” соҳаларидан бири ҳисобланган тўқимачилик мураккаб тармоқлардан бири саналади. Унда кучли рақобатга дош бера олган, ўз вақтида янгиликларни жорий этиб борган, ҳисоб-китоби аниқ тадбиркор мувафаққиятга эриша олади.

Хусусан, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида саноатда қўшилган қиймат ҳажмини 45 миллиард долларга етказиш ва 2,5 миллионта юқори даромадли иш ўринларини яратиш кўзда тутилган. Айниқса, тўқимачиликда ип калавани қайта ишлаш даражасини 100 фоизга етказиш ҳамда юқори сифатли матога талабни қондириш учун 400 минг тонна сунъий ва аралаш тола ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган. Бу борада ислоҳотлар бугунги кунда бошлаб юборилди.  

- Ҳозирда соҳамизда 10 мингдан ошиқ корхона бор. Экспортимиз 3.5 млрд доллардан ошди, - дейди “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси департамент бошлиғи Абдуғаффор Умаралиев. – Бу валюта тушуми бўйича ҳам, корхоналарда иш ўринлари яратиш бўйича ҳам етакчи соҳалардан ҳисобланади. 600 минг нафардан ортиқ ишчи-ходимлар соҳада фаолият олиб боради. (давоми видеода)  

Жорий йил Президент раислигида тўқимачилик соҳасида экспорт ва инвестиция ҳажмларини ошириш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишда ўтган йили тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш 94 триллион сўмга етиб, сўнгги 7 йилда 4,2 баравар ошгани ва тармоқдаги экспорт 3,1 миллиард доллар бўлгани таъкидланди. Шу билан бирга, келгусида экспорт ҳажмини йилига 10 миллиард доллардан ошириш бўйича мутасаддиларга вазифалар ҳам белгиланди.  

Президент бугунги кунда тўқимачилик тармоғидаги 6 мингдан зиёд корхона 570 минг аҳолини доимий иш билан таъминлаётганига эътибор қаратганди. Албатта, келгусида соҳани янада ривожлантириш ҳисобига корхоналарни кўпайтириб, яна минглаб иш ўринлари яратиш имкони бор.  

<iframe width="990" height="557" src="https://www.youtube.com/embed/m0n2qxCXZ7s" title="“Oʻzbekiston-2030” strategiyasi: Toʻqimachilik sanoatidan qanday natijalar kutilmoqda?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Стратегияда миллий иқтисодиётнинг экспорт салоҳиятини кучайтириш ва унинг таркибида қўшилган қиймати юқори бўлган маҳсулотлар улушини кескин ошириш белгиланган. Экспортчи корхоналар сонини оширишда айниқса хусусий секторнинг улушини ошириш, халқаро стандартларни жорий қилиш ва дунёнинг нуфузли брендлари билан алоқаларни янада ривожлантириш кўзда тутилмоқда.  

Санжар Тошпўлатов,

Аброр Содиқов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА