Хабарингиз бор, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ва уни 2023 йилда амалга ошириш чора-тадбирлари лойиҳалари кенг жамоатчилик учун муҳокамага қўйилган.
Унда “яшил иқтисодиёт”га ўтиш, унинг асоси бўлган қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш кўрсаткичларини кескин ошириш бўйича ҳам қатор мақсадлар белгилаб қўйилган.
Жумладан, қайта тикланувчи энергия манбаларини 25 минг мегаваттга ҳамда жами истеъмолдаги улушини 40 фоизга етказиш, саноатда “яшил сертификат”лар бозорини ривожлантириш ва “экологик маркировкалар” амалиётини жорий қилиш, экологияга зарар етказмайдиган инфратузилмани шакллантириш ва саноат корхоналарида “айланма (циркульяр) иқтисодиёт” амалиётини жорий қилиш жараёнларини рағбатлантириш режалаштирилган.
Шунингдек, 9 гВт қуёш ва 5 гВт шамол электр энергияси станциялари давлат-хусусий шериклик асосида бунёд этилади. Ҳамда қуввати 1,9 гВт бўлган 28 та гидроэлектр станцияси қурилади.
Бундан ташқари, 3 гВт қувватли 3 та иссиқлик электр станциясини модернизация қилиш орқали табиий газ сарфи камайтирилади. Кўп қаватли уй-жойлардаги хонадонларни энергия самарадорлиги (энергоаудит)ни баҳолаш тизими жорий этилади.
Стратегияга кўра, жамоат транспортини тўлиқ экологик тоза ёқилғига ўтказиш, иқлим ўзгариши соҳасида барча иссиқхона газларини қамраб олувчи мониторинг тизимини (МРВ) яратиш, “Яшил ўсиш” шароитида бозор иқтисодиёти нуқсонларини бартараф этиш ва “мақбул нархларни шакллантириш” институтларини мустаҳкамлаш назарда тутилмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА