O‘zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилишида дастлаб давлатимиз раҳбарининг “Мамлакатнинг 2030 йилгача мўлжалланган тараққиётининг устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони лойиҳасининг аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Қайд этилганидек, Президентимизнинг 26 декабрь куни Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини қайта кўриб чиқиш вазифаси қўйилган эди. Бу мамлакатимиз тараққиётида мутлақо янги босқич бошланаётганидан далолат беради.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини қайта кўриб чиқиш иқтисодий ўсишни тезлаштириш, инсон капиталини ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади. 2023 йилда қабул қилинган ушбу стратегик ҳужжат қисқа вақт ичида ўз самарасини кўрсатиб, иқтисодий ўсиш, ижтимоий барқарорлик ва халқаро нуфузни мустаҳкамлашда муҳим натижаларни таъминлади.
Хусусан, камбағаллик ва ишсизлик даражасининг сезиларли пасайиши, ЯИМ, экспорт ва инвестициялар ҳажмининг ошиши, таълим қамрови кенгайиши — барчаси амалий ислоҳотлар самарасининг яққол исботи эканлиги таъкидланди.
Қайд этилганидек, ЯИМ ҳажмини 160 млрд. долларга етказиш бўйича аввал 2030 йилга қаратилган мақсадга 2026 йилнинг ўзида эришиш кутилаётгани стратегиянинг реал ва прагматик асосда ишлаб чиқилганини кўрсатади. Келгуси беш йилда иқтисодиёт ҳажмини 240 млрд. доллардан ошириш имконияти мавжудлиги ҳақидаги баҳо эса Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга бўлган ишончни янада мустаҳкамлайди. Бу кўрсаткичлар иқтисодий сиёсатда аниқ ҳисоб-китоб, очиқлик ва узлуксиз ислоҳотлар устувор эканини англатади.

Шу билан бирга, аҳоли сонининг ўсиши, глобал иқтисодий жараёнлар, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектнинг жадал ривожи “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини янгилашни тақозо этмоқда. Унда 350 дан ортиқ мутасадди идора ва илмий марказ вакиллари иштирокида 444 та самарадорлик кўрсаткичи қайта кўриб чиқилиши, 60 га яқин давлат органларининг аниқ масъулияти белгилаб қўйилиши стратегия ижросида тизимли ва шахсий жавобгарликни кучайтиради.
Фракция аъзолари янгиланган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси иқтисодий ўсишни жадаллаштириш, инсон капиталини ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган мустаҳкам дастур бўлиб хизмат қилишини эътироф этди.
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва унинг депутатлари ушбу стратегияни такомиллаштириш жараёнида фаол иштирок этиб, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, иқтисодий эркинликни кенгайтириш ва хусусий сектор улушини ошириш бўйича аниқ таклифлар билан чиқиши қайд этилди.
М.Комилова, ЎзА